Ўзбекистонда Инвестиция кодекси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

“Тўғри, бизда инвестициявий муносабатларни тартибга солиш, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш бўйича юзлаб ҳужжатлар бор. Буларни ҳаммасини тўғридан тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш вақти келди”, деди президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, бу ҳужжат инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Президенти қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланиши, инвестиция муҳити жозибадор бўлишини таъкидлади.
Мамлакатда ишбилармонлар синфи шаклланиб улгурганини, улар шунчаки тадбиркор эмас, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудларни ривожига катта ҳисса қўшаётган фаол инвесторларга айланаётганини айтди. Шунингдек, анъанавий сармоялар билан бирга венчур, бонд, краудфандинг, стартап каби замонавий инвестиция воситалари ҳам жадал ривожланаётганини таъкидлади. Тадбиркорлар жамоатчилик кенгаши бизнес муҳитни яхшилаш бўйича қарорлар тайёрлашда фаоллик кўрсатиб келаётганини қайд этди.
“Парламентимиз янги кодексни ишлаб чиқишда жамоатчилик кенгаши билан яқин ҳамкорлик қилса, ўйлайманки, бу ҳам катта самара беради”, деди Шавкат Мирзиёев.
Айни пайтда Ўзбекистонда 19 та кодекс бор. Аҳоли соғлиғини сақлаш кодекси қабул қилиниши ҳам режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу кодекс лойиҳаси 2023 йил бошида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилганди.
Изоҳ (0)