Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Жазони ижро этиш муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида маҳкумлар учун масофали видео-учрашув хизматини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги амалдаги қонунчилик талабларига зид деб топди. Бу ҳақда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматининг “Дарё”га берган изоҳида қайд этилган.
Ҳукумат таклифи
Маҳкумлар учун масофали видео-учрашув пулли хизматини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Яъни “INМ International” МЧЖни хусусий шерик сифатида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашув имконияти яратилишини таъминлаш мақсадида тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда жалб қилиш таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 декабрдан 2024 йил 1 февралга қадар эксперимент тариқасида Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сон жазони ижро этиш колониясида “INМ International” МЧЖ томонидан “Prisonline” ҳимояланган видео алоқани таъминловчи замонавий ахборот технологиялари ўрнатиш орқали жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали яқин қариндошлари билан онлайн учрашув имконияти яратилган.
“INМ International” МЧЖ 10 миллион сўмлик устав капиталига эга ва асосий фаолият тури сифатида устки кийим бош ишлаб чиқариш кўрсатилган.
Лойиҳага кўра, жазони ўтаётган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувлари жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти назорати остида ўтказилиши ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланиши белгиланган. Танловсиз танланган хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг, калкуляцияси миқдори ва уларнинг тақсимланиши очиқланмаган.
Қонунчиликка зид
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Жазони ижро этиш муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида маҳкумлар учун масофали видео-учрашув хизматини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори лойиҳаси идоралараро келишуви давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига келишиш учун тақдим қилинмаган.
Лойиҳанинг 2-бандида “INМ International” МЧЖни хусусий шерик сифатида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашув имконияти яратилишини таъминлаш мақсадида тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда жалб қилиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида тўғрисида”ги қарори 7-банди кўра, давлат харидларида рақобатли савдо турларини чекловчи тўғридан тўғри шартномалар, инвестициявий, давлат-хусусий шериклик, хусусийлаштириш ва бошқа битимларни тузишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш қатъиян тақиқланган.
Таъкидлаш лозимки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормалари ўзаро мувофиқ бўлиши лозим. Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг бир-бирига зид бўлиши, ҳуқуқни қўллашда турли хил тушунмовчиликларнинг юзага келишига олиб келади, натижада эса коррупциявий хавф-хатарларнинг пайдо бўлишига замин яратилади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонунининг 12-моддасига мувофиқ, ҳуқуқ ва имтиёзлар берувчи ҳамда маъмурий тартиб-таомилларни белгилайдиган танлов (аукцион) тартиб-таомилларидан бўйин товлаш имкониятини берувчи нормаларнинг мавжудлиги маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ҳисобланади.
Шунга кўра, ҳукуматнинг давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаси “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун талаблари асосида танлов ўтказилиши мақсадга мувофиқлиги маълум қилинади.
Муҳокама якунланган
Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан муҳокама 22 май санасида якунланган. Муҳокама вақтида 5 нафар фуқародан таклиф келиб тушган. Уларнинг барчаси бу лойиҳага қарши фикр билдириб, қўшимча равишда таклифларини ҳам ёзиб қолдирган.
Изоҳ (0)