Самарқанд вилояти ИИБ Нуробод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 4 июнь куни соат 16:30 ларда Нуробод тумани “Меҳнаткаш” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Самарқанд—Ғузор А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида 25 ёшли П.Й. ўзининг бошқарувида бўлган КамАЗ-53212 русумли юк автомашинасида ҳаракатланиб бориши давомида пиёдалар ўтиш йўлакчасидан ўтаётган Ж.Ф. ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандини уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.
Натижада икки нафар вояга етмаган бола олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессула кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани Lacetti уриб кетгани, Тошкентда содир бўлган ЙТҲ оқибатида пиёда вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)