“Биз турк кино ижодкорлари билан ҳамкорликда ишлаш учун келишув имзоладик. Актёр Бурак Ўзчивит эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган, IX—Х асрларда қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган Ахсикент ҳукмдори ролини ижро этади. Жорий йил охирига қадар ушбу тарихий фильмнинг биринчи қисмини суратга олишни режалаштирганмиз”, — дея сўзлаб берди Ахсикент археология боғи директори Анвар Икромов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.
Бугунги кунда Ахсикент мажмуаси жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Чунки қадимий Ахсикент Қашқардан ғарбий томонда Буюк ипак йўли карвонлари тўхташ жойи бўлиб, нафақат савдо, балки ишлаб чиқариш маркази сифатида ҳам машҳур бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ерости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Ахсикент ҳақидаги китоблар тақдимоти турли давлатлар, жумладан Ҳиндистон, Германия ва Туркияда бўлиб ўтган.
Айни пайтда Ахсикентда очиқ осмон остидаги тўртта музей барпо этилмоқда. Бундан ташқари, амфитеатр, анжуманлар зали ва археология музейи қурилиши ишлари бошлаб юборилган. Кейинги босқичда сайёҳлар учун қулай инфратузилма, Сирдарё соҳилида йирик истироҳат маскани, карвонсарой ҳамда ҳунармандлар маркази барпо этиш кўзда тутилган. Режага кўра, қадимги Ахсикент ва Ахси қишлоғини дарё ёқалаб боғлаб, яхлит йирик сайёҳлик мажмуаси барпо этилади.
Анвар Икромовнинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига ташриф буюрганидан сўнг, бу ерда катта тарихий мажмуа қуриш ва уни туризм марказига айлантириш вазифаси қўйилган.
Ахсикент тарихи ва аждодларимизнинг ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш мақсадида турк компанияси билан ҳамкорликда 40 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилди. 2023-2024 йилларда умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилди.
Изоҳ (0)