Зоҳида Умарова “Аёл қалби” кўрсатувига интервью берди. У суҳбат давомида қизи Мадленнинг “Овоз”даги иштирокидан фахрланиши, Ёрқинхўжа охирги пулига онасига совға олиб келгани ва фарзандларининг тарбиясида иштирок этолмагани ҳақида гапирди.
“Фарзандларимнинг тарбиясида кўп иштирок этолмаганман”

— Ёрқинхўжани яхши кўрмай бўлмайди. У ҳақиқий эркак бўлди, сингилларини турмушга берди. Менинг қўлимдан ҳеч нима келмасди. Санъаткор бўлсам, қизларимни қандай узатаман, деб ҳар куни кечаси ўйлардим. Санъаткор аёлнинг орқасида суянчиғи бўлмаса, унинг атрофида минг хил гап юради. Мен диққат марказидан чиқиб кетдимми? Энди ҳамма танийдиган Зоҳида Умарова эмасманми, ўша қозонда қайнолмаяпманми? Аллоҳим, Менга ундай қилмагин, ахир мен кучни елиб-югуриб, халқдан олиб яна уларга бериб, оламан-ку. Завқ билан яшайдиган одамман, бу ердан чиқиб кетишим мумкин эмас, деб Худога ёлворардим.
Ўғлим катта саҳналарга чиқиб, халқнинг эътирофига сазовор бўлганида, “Аллоҳим, менга шундай қўрғон бердинг-а”, дедим. У мендан ўн баробар файзлироқ чиқди, унда илоҳий нимадир бор. Ундан мингдан минг розиман. У мени ҳам она, ҳам аёл, ҳам санъаткор сифатида боримча қабул қила олди. Хатоларим, гуноҳларимга қарамай қабул қилди. Рости, Ёрқинхўжа катта саҳнага чиқмасидан олдин Зоҳида Умарова бўлишим менга жуда ёқарди. Лекин ўта даражада машҳурликка талабгор бўлмаганман.
Фарзандларимнинг тарбиясида кўп иштирок этолмаганман. Кўп ишлардим, болаларга вақтим етмасди. Бу борада фақат Аллоҳ ёрдам берди, қанча йиғлаган бўлсам ҳам, ота-онамга ҳеч қачон билдирмаганман. Ёлғиз аёлнинг забардастлиги унинг сабрида, дейман, дейди собиқ хонанда.
“Зоҳида, сен тамагир онамисан?”
Машҳур санъаткорнинг онасисиз. Ўғлингиз “Одамларнинг орасида ўзингизни бир поғона баландда тутинг, ҳар ҳолда менинг онам эканингизни халқ билади”, деб айтадими, деган саволга у шундай жавоб берди:

— Ёрқинхўжанинг ўзида кибрланиш йўқ бўлса, менга қандай қилиб “Менинг онамсиз, энди сизни халқ танийди, бир оз ҳаволанишингиз, ўзингизни бошқачароқ тутишингиз керак” дейди? У бундай деёлмайди, чунки унинг ўзи ундай эмас, дейди Зоҳида Умарова.
Она фарзандларига “мени боқишинг керак, сени катта қилдим” дейиши нотўғри. Тамагирлик учун фарзанд тарбияладимми? Манфаат кутиб шу даражага олиб келдимми? Зоҳида Умарова, сен тамагир онамисан, дейман. Ҳар бир онага айтмоқчиман — на қиздан, на ўғилдан, на келиндан манфаат кутманг. Фарзанд туғилиши учун Худо бизни бир сабабчи қилди, холос. Болаларим мен учун нимадир қилишидан уяламан. Кўчадан бирор нарса кўтариб келса ҳам, йўқ ўзингда қолаверсин, дейман. Чунки ўзим шундай онанинг қизиман.
Дадам билан онамнинг биргина “Сендан розиман, қизим” деган гапларини эшитиш учун улар ёқтирадиган нарсаларни кўтариб, уйга қараб югурардим. Эртанги куним учун ейишга ҳеч нимам қолмаса ҳам, уларга беришга ошиқардим. Уларнинг хурсандчилигини кўргим келарди. Ҳозир ўғлим худди шундай. Бир куни атир олиб келибди. Пулим йўқ эди, лекин сиз учун топдим. 435 долларга олдим, ойи, сизга ҳидлар ёқади-ку, фалончи брендники, деди. Мен у брендни билар эканманми, нима бўлса ҳам, сепиб кетавераман. Нега овора бўлдинг десам, сизнинг реакциянгизни кўргим келди, деди. Остонада туриб қайтар дунё экан-да, деб йиғладим, дейди Зоҳида Умарова.
“Ёмон изоҳ ёзишга уялинг энди”

— Қизим Мадленни дунёга келтирганимда, мен дунёга битта юлдуз олиб келдим, деганман. Жоним халқим, нима деб ёзсангиз ҳам, розиман. Фақат бир нарсани айтмоқчиман — “Овоз”да Озодбек Назарбеков Мадленни саҳнада кўргунга қадар қудасининг қизи куйлаётганини билмаган. Саҳнада кўргандан кейингина, ия Мадлен-ку, деб қолди. Шундан кейин ҳам ёмон изоҳ ёзишга уялинг энди. Қизим куйлаётган пайтда Озодбек билан Севарага қарадим, иккаласи ҳам эмоция билан ўтирганди. Ана, қизимни танламасангиз бўлмайди, деб ичимда айтиб ўтирдим. Ҳар бир она боласининг камолини кўриб, ютуғи билан мақтангиси келади. Э, боламнинг зўр бўлишини нима қиламан, дейдиган она йўқ-ку. Мени ҳам шундай қабул қилинг, илтимос. Мен ҳам унинг санъатидан, камолидан мақтангим келади. Кўпроқ одамларга кўрсатгим келади, чунки онаман, деди Зоҳида Умарова.
Изоҳ (0)