Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда 16—22 май кунлари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчаси, 1-уй манзили бўйича ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар кўчириб олиб кетилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ўтказилган текширишда юқоридаги ҳудудда олиб борилаётган қурилиш лойиҳаси доирасида “М.М.” МЧЖ томонидан соғлом ўсиб турган жами 53 туп қимматбаҳо навли кўп йиллик дарахтлар (эман, қарағай, айлантус ва бошқалар) Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 464-сон қарори талабларига зид равишда ноқонуний равишда кўчириб олиб кетилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган хўжалик юритувчи субъект масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жиноят иши Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.
Изоҳ (0)