Жанубий Корея ва Netflix ҳамкорлигида суратга олинган “Кальмар ўйини” сериалининг иккинчи мавсуми 2024 йил декабрь ойида намойиш этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда лойиҳада бош ролни ижро этувчи актёр Ли Жонг Же Business Insider нашрига маълумот берди.
Актёр сериалнинг янги қисмлари сюжети ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади ва журналистлар томонидан берилган бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортди. Netflix вакиллари эса актёрнинг сўзларига муносабат билдирмади. Апрель ойида Netflix ижро этувчи директори Тед Сарандос “Кальмар ўйини”нинг давоми 2024 йилнинг иккинчи ярмида чиқишини айтган эди.
Лойиҳанинг иккинчи мавсумида “Эмми” мукофоти совриндори Ли Жонг Жедан ташқари Ли Бен Хон, Ви Хаджун, Кон Ю, Им Си Ван, Кан Ханил, Парк Сонхун, Ян Дон Гин ва бошқа актёрлар суратга тушади.
“Кальмар ўйини” премьераси 2021 йилнинг сентябрь ойида намойиш этилди ва Netflix тарихидаги энг кўп томоша қилинган сериалга айланди. Лойиҳа дебютидан сўнг бир ой ўтиб, стириминг хизматида 1,65 миллиард соат томоша қилинган сериал бўлди.
Бундан ташқари, сериалдан илҳомланган Netflix 2023 йил ноябрь ойида “Кальмар ўйини” реалити-шоусининг биринчи сериясини чиқарди. Унда 456 нафар иштирокчи 4,56 миллион АҚШ доллари мукофоти учун кураш олиб борди.
Изоҳ (0)