Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар юзасидан йиғилишда бўш ётган барча ер ва биноларни аукционга чиқаришни топширди.

Қайд этилишича, бир ҳафта ичида Андижонда 360 та бўш ва самарасиз кўчмас мулк аниқланди. Шунингдек, 96 та бино-иншоотлар очиқ аукционда йиллаб сотилмаяпти. Бу объектлар қулай шарт асосида сотилса, тадбиркорлар лойиҳа қилиб, иш ўрни яратади.
Масалан, Андижон шаҳри эндокринология марказидаги 20 сотих, ёнидаги 1-сон поликлиниканинг 30 сотих бўш ери аукционга чиқса, тадбиркор 20 миллион долларлик 600 ўринли хусусий тиббиёт маркази қурмоқчи. Ёки Андижон тумани “Ўрикзор” маҳалласидаги таъмирталаб “Ўқувчи ёшлар маркази” аукционга қўйилса, бу ерга 35 миллион доллар инвестиция киритиб, жами 6 минг ўринли боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳдан иборат таълим кластери қиламан, деган тадбиркорлар ҳам бор.

Мутасаддиларга бўш ётган барча ер ва биноларни аукционга чиқариш топширилди.
“Ҳаммани қаттиқ огоҳлантираман — тиббиёт ва таълим ташкилотларига тегишли бўш бинолар фақат “профили”ни ўзгартирмаслик шарти билан берилади”, деди президент.
Бош прокуратурага бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Йиғилишда президент Андижон вилоятига қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилишини ҳам айтди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 16 та шаҳар ва туман ҳокимлари аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи
Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15 апрель куни Андижон вилоятига келди. Давлат раҳбари дастлаб Андижон халқаро аэропортини модернизациялаш ишларининг бориши билан танишди. WБМ Ромитех кластерининг Андижон шаҳрида қурилган янги корхонасига бориб, фаолиятини кўздан кечирди. Ташриф давомида янги корхоналар фаолиятидан ташқари, саноат, энергетика, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди, жойлардаги қурилиш ва бунёдкорликни кўздан кечирди. Ташриф давомида Андижондаги “Янги Ўзбекистон” боғидаги халқ сайлида иштирок этди.
Изоҳ (0)