Жорий йил январь–март ойларида Ўзбекистон бюджети харажатлари даромадларидан 17,7 триллион сўмга кўп бўлди. Ўтган 2023 йил I чоракда бюджет тақчиллиги 11,7 триллион сўм бўлганди. Қайси соҳа ва тармоқларга кўпроқ харажат қилинмоқда? Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган навбатдаги ҳисоботда бу ҳақда маълумот берилган.
Бюджет даромадлари ўсди
2024 йил I чоракда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 242,7 триллион сўмни (2023 йил мос давридагидан 6,2 фоиз кўп) ташкил этди. Уч ой давомида мамлакатда хизматлар соҳаси 6,8 фоизга, қурилиш 6,8 фоиз, саноат 6,5 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 3,6 фоизга ўсди.
Январь–март ойларида давлат бюджети даромадлари 2023 йил I чораги кўрсаткичидан 5,3 триллион сўм (11 фоиз) кўпроқ ошиб, жами 52,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу маблағларнинг 41,3 триллион сўми солиқлар, 14 триллион сўми божлар, 2,7 триллион сўми бошқа даромад ва солиқ бўлмаган тушумлардан шаклланди.
Бюджет харажатлари даромадлардан кўп
Биринчи чоракда давлат бюджети харажатлари 70,3 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 29 фоиз) ташкил этиб, ўтган йил мос давридагидан 11,3 триллион сўмга (19,2 фоиз) кўпайди.
Уч ой давомида бюджетдан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда ягона ижтимоий тўлов харажатлари учун 36,8 триллион сўм ажратилди. Ижтимоий соҳа харажатларига эса 33,9 триллион сўм йўналтирилди.
Ижтимоий соҳа чиқимларининг 16 триллион сўми (47,2 фоиз) таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга (2023 йил мос даврига нисбатан 2,97 триллион сўм кўп) сарфланди.
Ҳисобот даврида иқтисодиёт соҳасига амалга оширилган харажатлар 13,5 триллион сўмни (19,2 фоиз) ташкил этди. Шундан энг йирик маблағ — қарийб 8 триллион сўм ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш бўйича ихтисослаштирилган компания зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштиришга тўланди.
Шу билан бирга, давлат бюджетидан:
- Сув хўжалиги эксплуатацияси харажатларига 1,67 триллион сўм;
- Аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 1,2 триллион сўм;
- Аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини паст қўллаш ҳисобига кўрилган зарарларини қоплаш мақсадида иссиқлик таъминоти корхоналарига 1 триллион сўм маблағлар ажратилган.
Ҳисобот даврида кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун 4,3 триллион сўм йўналтирилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви харажатлари 4,2 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг I чорагида бу рақам 3,6 триллион сўм бўлган.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига трансфертларга 3,3 триллион сўм ажратилди. “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг биринчи мавсуми учун 3,3 триллион сўм йўналтирилди.
Вазирлик ҳисоботига кўра, январь–март ойларида давлат қарзининг фоиз тўловлар учун 2,5 триллион сўм (2023 йил мос даврида 1,2 триллион сўм) сарфланди. Соғлиқни сақлаш соҳасига 7,8 триллион сўм (2023 йил мос давридагидан 1,2 триллион сўм кўп) ажратилди.
Уч ой давомида республика бюджетидан ипотека кредитлари бўйича 261,9 миллиард сўмлик субсидия тўловлари молиялаштирилиб берилди. Шундан бошланғич бадал тўловлари учун 2493 нафар фуқароларга 79,8 миллиард сўм, 2020–2023 йиллардан ўтиб келаётган фоиз тўловларини бир қисмини қоплаш учун 44 мингдан зиёд фуқароларга 182,1 миллиард сўм субсидия маблағлари тўланган.
Биринчи чоракда Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун жами 1,26 триллион сўм йўналтирилди. “Тошшахартрансхизмат” АЖнинг чекланган тарифлар ҳисобига йўловчи ташиш хизматидан кўрилган зарарларини қоплаш учун 1 триллион сўм ажратилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь–март ойларида давлат бюджети харажатлари 59 триллион сўмни ташкил этган. Йил якунида умумий бюджет тақчиллиги рекодр даражада ортиб, 59 триллион сўмга етган. 2022 йил I чорагида бюджет харажатлари 42,9 триллион сўм бўлган.
2024 йил учун тасдиқланган бюджет қонунига кўра, жорий йилда мамлакатнинг консолидациялашган бюджет даромадлари 375 триллион сўмни, харажатлари 427, 6 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Бунда бюджет тақчиллиги 52 триллион сўмдан ортиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)