Бугун, 29 апрель куни Сенатда “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Сенаторлар мазкур ҳужжат тизимли молиявий инқирозни олдини олиш мақсадида қабул қилинаётганига урғу берди.

Сенатор Эркин Гадоевнинг айтишича, қонунда амалдаги қонунчиликда банкларни санация қилиш механизми мавжуд эмас. Тўловга қобилиятсиз банклар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун асосида мажбурий тугатиб келинмоқда. Аммо йирик банклар тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганда уларни мажбурий тугатиш банк тизими инқирозини келтириб чиқариши мумкин.
“Янги қонун билан бу муаммо ечим топмоқда. Банкларни санация қилиш бўйича ваколатли давлат органи, санация қилишнинг мақсадлари ва принциплари, санация қилишни бошлаш учун асослар, санация қилишни молиялаштириш механизмлари, шунингдек банкларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш тартиби белгиланмоқда”, дейди Сенат вакили.

Таъкидланишича, қонун билан банк молиявий инқирозга учраганда у кўрган зарарлар банк акциядорлари ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда. Жараёнда омонатчилар ва кредиторлар ҳуқуқлари кафолатланиши кўзда тутилмоқда.
Санация —молиявий инқирозга учраган банкни қайта тиклаш ва уни банкротликдан сақлаб қолиш учун амалга ошириладиган молиявий соғломлаштириш жараёнидир. Бу орқали корхона қарзлардан, зарарли активлардан халос қилинади, унга ёрдам берилиб, фойда келтирадиган ҳолатга қайтарилади.
Йиғилишда тизимли аҳамиятга эга деб топилган банкларгагина санация имконияти берилиши ҳақида сўз борди. Марказий банк раиси Аброрхўжа Турдалиев тушунтиришича, ҳозирда мазкур тоифадаги банклар сони еттита.

“Тизимли банклар банкротлик ёқасига келиб қолса, уларни молиявий имкониятларини тиклашга кўмаклашилади. Бошқа банклар эса фаолиятини ихтиёрий ёки мажбурий якунлашига тўғри келади. 2025 йилда Миллийбанк, Агробанк, Саноатқурилишбанки, Халқ банки, Ипотекабанк, Kapitalbank, Асакабанк тизимли аҳамиятга молик банклар деб белгиланган. Бу йирик банклар катта инқирозга дуч келса, иқтисодиётни асраш мақсадида уларни сақлаб қолиш лозим. Дейлик, тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкнинг тўлов қобилияти йўқолди. Марказий банк томонидан ҳар бир ҳолат индивидуал тарзда ўрганиб чиқилади. Агар унинг банк тизими барқарорлигига таъсири бўлмаса, мажбурий тугатилади. Лекин банк тизими молиявий барқарорлигига, масалан, бошқа банклардан омонатчилар қочишига олиб келадиган вазиятда бўлса, Марказий банк томонидан санация қилиш зарур деб баҳоланиши ва тегишли тартибда қарор қабул қилиниши мумкин”, деди Марказий банк масъули.
Қонун асосида инқироз ёқасидаги банк активлари соғлом ёки орқали банкларга ўтказилади. Санация қилинаётган банк мижозлари қўшимча муаммога дуч келмайди. Уларга бошқа банк хизмат кўрсатишни бошлайверади, жараён тўхтамайди.
Қонун билан санация қилишни молиялаштириш мақсадида Санация қилиш жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган.
“Бу қисман давлат бюджети, маҳаллий ёки хориждан ажратилган грантлар ёрдамида, хайрия бадаллари ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин”, дейди Эркин Гадоев.
Тўлов қобилиятини йўқотаётган банк омонат ва кредит операцияларини тўлиқ қўллай олса, унинг акциядорлари ёки таъсисчилари қарори билан ихтиёрий тугатилиши мумкин. Тўловлар амалга ошириш қобилиятини йўқотган пайтда эса Марказий банк томондан мажбурий тугатилади.
Изоҳ (0)