2024 йил якунланиб, 2025 йил кириб келишига ҳам бир неча кунлар қолди, холос. Оила даврасида йиғилиб, бу кечани нишонлашнинг файзи ўзгача. Ҳар бир оила дастурхонни тўкин қилишни ва байрам олди бўлишига қарамай, маҳсулотларни чўнтак кўтарадиган нархда харид қилишни хоҳлайди, албатта. “Дарё” ушбу мавзуда юртдошларимизга микрофон тутди. Жавоблар доимгидек турлича — баъзилар бир кечалик дастурхонга 5-6 миллион сўм сарфласа, кимдир 500 минг сўмга яхши бозорлик қила олишини айтди.
— Ҳисоблаб кўрмаганман, аммо ўрта ҳисобда 500-600 минг сўм кетса керак. Қази-қарта, ичимлик ва бошқа егуликларга ундан ҳам кўп кетади, деди бир оила бошлиғи.
— Бизнинг оилада анча маблағ сарфланади — ўртача 3-4 миллион сўм, деди ёшроқ уй бекаси.
— Ўртача 4 миллион сарфлаймиз, деди ёшроқ йигит. Журналистнинг бу сумма жуда кўп эмасми, деган саволига, йўқ, оиламиз катта, дея жавоб берди.
— Аввалги йилда 4 миллион сўм маблағ кетди, сабаби фарзандимнинг туғилган куни ҳам байрамга яқин бўлгани учун иккаласини бирдан нишонлаймиз.
— Деярли ҳеч қанча кетмайди, сабаби бу байрамни нишонламаймиз. Болалар учун озроқ байрам кайфиятини беришимиз мумкин, лекин атайин дастурхон тузаб, ўтирмаймиз, деди бошқа бир йўловчи.
— 700-800 минг сўм, балки ундан-да кўпроқ кетиши ҳам мумкин. Бозорликни мен қилмайман, шу сабабли аниқ қанча маблағ сарфланишини ҳам билмайман, деди уй бекаси.
Байрам олди бозордаги нарх-наво турлича бўлади — инсофли сотувчи харидор йўқотмаслик учун маҳсулот нархини тушириб савдо қилса, бошқа биров “Ҳозир ишлаб олмасам, қачон?” деган шиор билан нархни осмонга учиради. Айниқса, бу ҳолат цитрус мева-чева, гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотувчиларида кўп кузатилади. Хўш, бугунги кунда пойтахт бозорларидаги нарх-наво сизни қониқтиряптими?
— Ҳозирча нархлар яхши, агар бозордаги нарх жуда ошиб кетса, тармоқли супермаркетлардан харид қиламиз. Сабаби уларда нархлар сунъий равишда кўтарилмайди, деди 30 ёшлар атрофидаги эркак.
— Қишда, албатта, ҳамма нарса қимматлашади. Оддий халқ учун қиммат!, деди бошқа бир йўловчи.
— Мен ишлаб, пул топиб аёлимга олиб бориб бераман, бозордан озиқ-овқатни у харид қилади. Шу сабабли бозордаги нархлардан унчалик хабарим йўқ. Ҳали ойлик тушгани йўқ, тушса қўлига тутқазаман, нима қилса ҳам ўзи билади (кулиб), деди автобус ҳайдовчиси.
— Албатта, байрам арафасида нархлар ошиб кетади. Пайтдан фойдаланиб олмоқчи бўлишадими, билмадим, деди йўловчи аёл.
— Менимча, Янги йил байрами олди кўп жойда “скидка”лар бўлади, байрам ярмаркалари ташкил қилинади, бу, албатта, яхши, деди уй бекаси.
— Тошкентда қиммат, бир-бир ярим миллионга жуда кичик эмас-у, ўртача дастурхон қилса бўлади. Аммо вилоятларда бу нархга шоҳона дастурхон тузаш мумкин, деди наманганлик аёл.
— Харид қилаётган маҳсулотингиз нархи баъзида тўғри келади, баъзан чўнтак кўтармайди. Байрам олди нархни оширишади, сўнг яна жойига қайтади. Байрамми, байрам эмасми, нарх доим бир хил — тушган ҳолатда бўлса, яхши бўларди.
— Кеча бозор айландим, лимоннинг килограмми 10-12 минг сўм, хурмолар уч минг сўм экан. Ҳаммаси яхши, талабга жавоб беради, деди нафақа ёшидаги отахон.
Хўш, сиз байрам дастурхони ва харидлар учун қанча маблағ сарфлайсиз? Умуман олганда, байрам олдидан нархларни ошириш, сизнингча, тўғрими?
Изоҳ (1)
Aksiya chegirmalar bo'lgani yaxshi, lekin bir necha yillar oldin 100 mingga 2 paket bozorlik olinar edi hozir 1yarm kg shokolad yoki pishiriq beradi xolos, pul qadri sinib narx navo oshib ketyabdi, oylik maoshlar ham oshsa yaxshi bo'lardi