АҚШ президенти Дональд Трампнинг экспорт маҳсулотларига қўллаётган божхона тўловлари глобал савдо тизимига катта зарба бермоқда. Аммо бу мамлакат бюджетига катта фойда, хусусан, 28 миллиард доллар тушум олиб кирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Трамп 2025 йил 2 апрелдан бошлаб, кўплаб давлатлар экспортига нисбатан юқори ставкали божлар жорий қила бошлаган. Шу пайтгача айрим божлар музлатилган бўлса-да, президент Буюк Британия, Япония, Вьетнам ва Европа иттифоқи каби давлатлар билан айрим тарифларни пасайтирувчи келишувларга ҳам эришган.
Шунга қарамай, юқори божлар автомобиль ва пўлат саноати каби айрим соҳаларга нисбатан ҳали ҳануз амал қилмоқда. Бу эса умумий бож ҳажмини охирги 90 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга олиб чиқди.
АҚШ давлат бюджети тарифлар ортидан катта даромад кўрди
Яле университети қошидаги Бюджет лабораторияси ҳисоб-китобларининг кўра, 2025 йил 28 июль ҳолати бўйича, АҚШ томонидан импорт товарларига қўлланаётган ўртача самарали бож ставкаси 18,2 фоизни ташкил этган — бу 1934 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич саналади. Солиштириш учун, 2024 йилда бу атиги 2,4 фоизни ташкил қилган. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил июнь ойида АҚШ божхона тушумлари 28 миллиард долларга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 3 баравар кўп дегани.
Бюрога кўра, 2025 йил 6 январдан 13 майгача жорий этилган божлар ҳисобига келгуси 10 йилликда давлат қарзи 2,5 триллион долларга камаяди. Бироқ Бюджет бюро божлардан тушган даромад Трамп маъмуриятининг солиқ имтиёзлари билан келадиган йўқотишларни қопламаслигини таъкидлаган.

Савдо тақчиллиги кенгаймоқда
Дональд Трамп АҚШнинг савдо тақчиллигини (импорт экспортдан юқори бўлиши) бошқа давлатларнинг адолатсиз амалиётлари деб ҳисоблаб, божлар орқали бу номутаносибликни йўқотмоқчи эди. Аммо ҳозирча бу натижа бермаётганга ўхшайди.
Аксинча, божлар кучга киришидан олдин АҚШ компаниялари омборларини тўлдириб олиш учун катта миқдорда импорт амалга оширган. Бу вақтинчалик ғамлаш оқибатида АҚШнинг товар савдоси тақчиллиги 2025 йил март ойида рекорд даражадаги 162 миллиард долларга етган, июнь ойида эса 86 миллиард долларга камайган. Иқтисодчилар бу тақчилликнинг асосий сабаби ички иқтисодий номутаносиблик — яъни мамлакат харажатларининг ишлаб чиқаришдан ортиқлиги — эканини айтмоқда.
Янги савдо битимлари
Кўплаб давлатлар Трампнинг бож сиёсатига жавобан янги савдо иттифоқи ва битимлар тузишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан:
- Буюк Британия ва Ҳиндистон 3 йиллик музокаралардан сўнг савдо келишувига эришди.
- Норвегия, Исландия, Швейцария ва Лихтенштейн Жанубий Америка давлатлари — Меркосур блоки (Жанубий Америка савдо блоки) билан савдо битимини тузди.
- Европа иттифоқи эса Индонезия билан янги битим устида ишламоқда.
- Канада ASEAN (Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси) билан эркин савдо битими бўйича музокараларни бошлаган.
Бундан ташқари, Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо алоқаларининг бузилиши бошқа бозорларга йўл очмоқда. Масалан, Хитой илгари АҚШдан катта миқдорда соя ловиясини харид қилган бўлса, энди бу маҳсулотни асосан Бразилиядан олиб келмоқда.
Изоҳ (0)