Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида аёл ҳайдовчи Google Maps кўрсатмасига амал қилган ҳолда машинасини сув тўла жарликка ҳайдаб юборди. Бу ҳақда Gulf News хабар берди.

Маълумотларга кўра, аёл харитада кўрсатилган йўналишга риоя қилган, бироқ Google уни Белапурдаги Бай кўприги устига эмас, балки унинг пастидан ўтувчи “мавжуд бўлмаган” йўлга йўналтирган. Оқибатда у нима бўлаётганини тушуниб улгурмасдан автомобили каналга тушиб кетган.
Воқеа жойида бўлган денгиз хавфсизлик хизмати ходимлари тезда ёрдамга етиб келган. Аёл бир неча дақиқада қутқарилган ва тан жароҳати олмагани билдирилган. Кейинроқ автомобиль кран ёрдамида сувдан чиқариб олинган. Воқеа жойидан олинган видеоларда оқ рангли автомобилнинг жарликдан кўтариб олинаётгани кўринади.
Google Maps билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар кўп
Сўнгги йилларда Google харитаси нотўғри кўрсатган йўналишлар сабаб бир қанча фожиали ёки хавфли ҳолатлар қайд этилган. Жумладан:
- Уттар Прадеш, 2024 йил — узоқ муддат авария ҳолатида бўлган кўприкка кириб борган машина Рамганга дарёсига қулаб тушиб, 3 киши ҳалок бўлган.
- Непал—Горахпур йўли, 2025 йил — GPS тугалланмаган йўлни кўрсатиб, автомобиль деярли учиб тушишига оз қолган.
- Керала штатида саёҳатчилар кучли ёмғир пайтида навигацияга тўлиқ ишониб, сойга кириб кетган.
- Бенгалурулик йўловчи, 2024 йил — Google харитаси вақтни нотўғри ҳисоблагани боис йўловчи рейсини ўтказиб юборган.
- Керала тўй можароси — куёвнинг қариндошлари GPS туфайли нотўғри ибодатхонага, яъни асл манзилдан 60 км узоқликка бориб қолган.
GPS ҳам доим ҳам ишончли эмас
Технологиялар ҳаётни осонлаштирса-да, уларни мутлақо хатосиз деб бўлмайди. Айниқса, инфратузилмаси яхши кўрсатилмаган ҳудудлар, қурилиши тугалланмаган йўллар ёки ёмон об-ҳаво шароитида бундай навигацияларга тўлиқ таяниш хавфли.
Мутахассислар ҳайдовчиларга йўналишни иложи борича текшириб чиқишни, GPS’га тўлиқ ишонмасликни, айниқса тунда ёки нотаниш ҳудудларда эҳтиёткорликни оширишни тавсия қилмоқда.
Изоҳ (0)