Токио ва Синшу университети олимлари генетик модификация қилинган вирус асосида янги тери саратони дорисини ишлаб чиқди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб Anadolu хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур усул “вирус терапияси” деб аталиб, вирус фақат саратон ҳужайраларида кўпайиб, уларни нишонга олади ва соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.
Токио университети профессори Тодо Тошики бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи бу даволаш усулини тез ривожланадиган саратон тури билан оғриган беморларда синовдан ўтказган. Тадқиқотлар натижасига кўра, анъанавий муолажа билан биргаликда вирус терапиясини олган беморларнинг 77,8 фоизида, яъни 9 кишидан 7 тасида сезиларли ижобий натижалар кузатилган.
Энг эътиборлиси шундаки, ҳозиргача ушбу терапия билан боғлиқ жиддий салбий таъсирлар аниқланмаган. Шу сабабли, мутахассислар яқин орада яна 9 нафар бемор устида қўшимча синовлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Профессор Тодо ушбу усул анъанавий даволашда самара бермаган ҳолатларда муқобил восита бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Унга кўра, агар вирус терапияси бошқа саратон турларига ҳам самарали бўлса, ушбу жиддий касалликни даволашда “туб бурилиш” ясаши мумкин.
Касаллик аломатлари нималарда намоён бўлади?
- янги ҳосила (доғ, қаттиқ ёки йирингли шиш) пайдо бўлиши;
- мавжуд ҳолатдаги тугун, хол ёки доғда ўзгариш: уларнинг ўсиши, қичишиши, қонаши;
- юзаки яралар тузалмаслиги кабилар.
Изоҳ (0)