Исроил армияси 31 июль куни Ғазо секторининг шимолий қисмидан ўзининг элита қўшини бўлмиш 98-дивизиясини (“олов дивизия” деб ҳам танилган) олиб чиқиб кетди. Бу ҳаракат Исроилнинг ҳудудда олиб бораётган ҳарбий юриши ниҳоясига етаётганидан далолат бериши мумкин. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

“Олов дивизияси” номи билан танилган 98-дивизия десантчилар ва қўмондонларнинг элита бўлинмасидир. У 2023 йил 7 октябрда Исроилнинг Ғазога қарши уруши бошланганидан бери бир неча бор секторга жойлаштирилиб, олиб ташланган.
Исроил армияси баёнотида бўлинма секторда ўз вазифасини якунлаб, янги топшириққа тайёргарлик кўраётгани айтилган.
“Операцион режа ва муддатга мувофиқ, 98-дивизия Ғазо шимолида, айниқса Шижаия ва Зайтун туманларида олиб борилган кескин жанглардан сўнг ўз вазифасини якунлади ва ҳозирда янги топшириқларга тайёргарлик кўрмоқда”.
Ушбу дивизия ўрнига янги кучлар юборилиши ҳақида маълумот берилмаган. Исроилнинг “Едиот Ахронот” нашри бу ҳаракатни ҳарбий юриш якунига етаётганининг белгиси сифатида баҳоламоқда. Яҳудий давлатининг Ғазо секторидаги уруши ҳамон жиддий танқид остида бўлиб, Исроил ҲАМАСни тор-мор эта олмасдан, қўйилган асосий мақсадларига эриша олмагани таъкидланмоқда.
Исроил 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазога қарши ҳарбий амалиётларни уюштириб келади. Ҳужумлар оқибатида ҳозиргача 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Секторнинг вайронага айланиши ва озиқ-овқат тақчиллиги сабаб очарчилик юзага келгани халқаро ҳамжамиятнинг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда.
Жорий ҳафта бошида Исроилнинг Б’Тселем ва “Исроил шифокорлари – инсон ҳуқуқлари учун” ташкилотлари яҳудий давлатини Ғазода геноцид содир этаётганликда айблаганди. Уларнинг фикрича, бу — фаластин жамиятининг изчил йўқ қилиниши ва соғлиқни сақлаш тизимининг атайлаб бузилиши орқали амалга оширилмоқда.
2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга қарши Ғазога ва инсониятга қарши спдир этилган жиноятлар бўйича ҳибсга олиш ордерини чиқарган эди. Бундан ташқари, Исроил Халқаро судда геноцид иши бўйича жавобгар сифатида ҳам кўрилмоқда.
Изоҳ (0)