Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат ҳеч қачон бошқа ҳудудларни “босиб олишни мақсад қилмагани”ни айтди. Бу ҳақда вазирнинг сўзларига таяниб, “ТАСС” хабар берди.

Лавровнинг даъвосига кўра, Қрим, Донбасс ёки Новороссияни қўлга киритиш ҳам мақсад қилинмаган.
Яна бир бор алоҳида таъкидламоқчиман: биз ҳеч қачон шунчаки ҳудудларни босиб олишимиз керак, деб гапирмаганмиз. На Қрим, на Донбасс ва на Новороссия ҳудуд сифатида бизнинг мақсадимиз бўлган.
Бизнинг мақсадимиз бу ерларда асрлар давомида яшаган, бу ерларни кашф этган, улар учун Қримда ҳам, Донбассда ҳам қон тўккан, Одесса, Николаев ва бошқа кўплаб шаҳарлар, портлар, заводлар ҳамда фабрикалар яратган одамларни, рус одамларини ҳимоя қилиш эди, дея таъкидлади у.
Россия ташқи ишлар вазири мамлакат хавфсизлиги ва Украинадаги русларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳурмат қилмасдан туриб, ҳеч қандай узоқ муддатли келишувлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини айтди.
Россия президенти Владимир Путин 16 август куни Трамп билан Аляскадаги учрашувда Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг бутун ҳудудига даъво қилди. У октябргача Донецк вилоятининг оккупация қилинмаган қисмини эгаллаб олиши мумкинлигига ишонтирмоқда. Аслида россиялик ҳарбийлар 10 йилдан ортиқ вақт давомида бутун ҳудудни эгаллай олмаяпти.
Украина назоратида Краматорск ва Славянск каби йирик шаҳарлар бор. Уларни босиб олиш Бахмутдан анча қийин — рус армияси ўша ерда камида 20 минг аскарини йўқотган. Бу икки шаҳар ортида эса кенг даштлар бор, улар орқали йўл тўғридан тўғри Изиум ва Харьковга олиб боради. Шу сабабли Украина ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан Донецк вилоятининг бу қисмини тарк этишга мутлақо тайёр эмас.
Изоҳ (0)