Японияда 2011 йилда цунами оқибатида ҳалокатга учраган Фукусима атом электр станциясининг юзлаб тонна радиоактив чиқиндиларини тозалаш жараёни кечиктирилди. АЭС оператори — Tepco компанияси 29 июль куни бу ишлар 2037 йилгача бошланмаслигини маълум қилди.

АЭСда ҳозирда тахминан 880 тонна хавфли моддалар мавжуд бўлиб, уларни тозалаш учун зарур тайёргарлик ишлари яна 12–15 йил вақт олади. Бу ҳақда Tepco компанияси вакили Акира Оно маълум қилган.
Аввалроқ компания чиқиндилардан тозалаш жараёнини 2030 йилларнинг бошида бошлашни режалаштираётганди. Бироқ сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, бу жараён энг қисқа муддатда — 2037 йилда бошланиши мумкин.
Мазкур кечикиш, Фукусимани 2051 йилгача бутунлай ёпиш ҳақидаги аввалги маълумотларга зид келмоқда.
“Бу мақсаддан воз кечишга ҳожат йўқ. Биз уни амалга ошириш йўлини топишга масъулмиз”, деган Акира Оно.
Маълумот учун, 2011 йилда 9 балли зилзила ортидан юзага келган кучли цунами Фукусима АЭСидаги 6 та реактордан 3 тасини ишдан чиқарган ва уларнинг эриб кетишига олиб келганди. Шундан бери АЭСни зарарсизлантириш бўйича мураккаб ва узоқ муддатли ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)