Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Иш, ўқиш ёки оддий маиший юмушларни интернетдан фойдаланмасдан бажариш қийин. Аммо кўпчилик роутерни қаерга ўрнатиш кераклиги ва унинг атрофидаги буюмлар сигнал сифати ва барқарорлигига таъсир қилиши мумкинлигини билмайди. Қурилмани нотўғри жойлаштириш интернет тезлигини пасайтириб, алоқа сифатини ёмонлаштириши мумкин. Қуйида Wi-Fi роутер ёнига қўйиш тавсия этилмайдиган буюмлар рўйхатини келтирамиз.

Микротўлқинли печ
Микротўлқинли печлар кўплаб Wi-Fi тармоқлари билан бир хил — 2,4 GHz частотада ишлайди. Шунинг учун печ ёқилган пайтда ўзидан кучли электромагнит тўлқинлар чиқариб, роутер сигналларига аралашиб кетади. Натижада интернет тезлиги кескин пасаяди, ҳатто узилишлар ҳам юзага келиши мумкин. Микротўлқинли печни ишлатиш пайтида видеолар секин юкланиши ёки видеомулоқотлар тўхтаб қолиши кўпчиликка таниш ҳолат. Шу сабабли роутерни имкон қадар ошхонадан ва микротўлқинли печдан узоқроқ жойга ўрнатиш тавсия этилади.
Кўзгу
Кўзгулар ҳам Wi-Fi сигналларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Металл рамкали ёки қалин кўзгулар интернет сигнални қайтариб юборади ва тарқалишини қийинлаштиради. Натижада интернет баъзи хоналарда яхши ишлайди, баъзиларида эса жуда сустлашади. Бу айниқса катта хонадонларда ёки офисларда сезилади. Роутерни кўзгулар қаршисида ёки ёнида ўрнатмаслик лозим.
Колонка ва бошқа аудио ускуналар
Овоз кучайтирувчи колонкалар ва бошқа аудио тизимлар роутер ишига электромагнит шовқинлар билан халақит беради. Агар роутер ушбу қурилмаларнинг ёнида бўлса, интернет сигнали камаяди ва тезлик ҳам пасайиши кузатилади. Шу боис роутерни аудио ускуналардан бир неча метр узоқда жойлаштириш мақсадга мувофиқ.
Аквариум
Аквариумлардаги сувда туз ва бошқа аралашмалар мавжуд бўлиб, улар Wi-Fi сигналларини “ютиши” мумкин. Бундан ташқари, аквариум ёнидаги доимий намлик роутер учун хавф туғдириши ва қисқа туташув ва ҳатто ёнғинга олиб келиши мумкин.
Китоблар

Қалин қоғоз ва муқовали китоблар ҳам радиотўлқинларни ўзига “ютади”. Агар роутер китобларга тўла жавон ичида ёки орқасида турган бўлса, сигнал хоналар бўйлаб яхши тарқалмайди. Бу муаммо айниқса бир неча қаватли уйлар ва катта офисларда кузатилади. Қоидага кўра, роутерни очиқ ва ҳеч нарса тўсқинлик қилмайдиган жойга ўрнатиш лозим.
Энергия тежовчи лампалар
Бундай лампалар ишлаётган пайтда радиочастотали шовқин ҳосил қилади. Бу шовқинлар Wi-Fi роутернинг сигналига аралашиб, интернет тезлиги ва барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Агар роутерни чироқ яқинида ўрнатиш керак бўлса, LED-лампалар ёки оддий лампалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Музлаткич
Музлаткичлар, кир ювиш машиналари ва бошқа йирик маиший техникалар ўзидан кучли электромагнит нурланиш чиқаради. Бундан ташқари, уларнинг металл корпуси Wi-Fi сигналларини тўсиб қўяди. Роутерни бу турдаги техникалардан узоқроқ жойга қўйиш орқали сигнални кучайтириш ва интернетнинг барқарор ишлашини таъминлаш мумкин.
Изоҳ (0)