Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирама туфайли аҳолини аллергик реакциялар пайдо бўлишидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, иссиқ кунларда юқори даражадаги ултрабинафша нурланиш тери касалликлари ва аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин. Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикованинг сўзларига кўра, ултрабинафша нурлар теридаги моддалар билан ўзаро таъсирга киришиб, “фотодерматоз” деб номланувчи хасталикни юзага келтиради.
Бу касаллик кўкрак, бўйин ва қўл соҳаларида тошмалар, қизил доғлар, қавариқлар, қичишиш ва шишлар кўринишида намоён бўлади. Фотодерматоз одатда қуёшга чиққан илк соатлардан бошлаб бир ҳафтагача намоён бўлиши мумкин. Касаллик ўз вақтида даволанса, асоратларсиз ўтади, аммо айрим ҳолларда сурункали шаклга ўтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассислар қуёшдан ҳимояланиш учун қуйидаги тавсияларни бермоқда:
- соат 10:00 дан 16:00 гача очиқ қуёш остида юрмаслик, сояли жойларда бўлиш;
- ёпиқ, енгил кийимлар кийиш;
- терига махсус қуёшдан ҳимояловчи крем суртиш;
- фотосенситивликни кучайтирадиган дориларни қабул қилишда эҳтиёт бўлиш.
Келтирилишича, эритромисин, тетрациклин ва стрептомисин каби препаратлар ултрабинафша нурларни ютиш хусусиятига эга. Уларни қўллаган беморларга иссиқ кунларда қуёш нури таъсиридан сақланиш тавсия этилади.
Ўзбекистонда сўнгги кунларда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво муҳити аксар аҳоли уйқусига салбий таъсир қилмоқда. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз Telegram каналида ўтказган сўров натижасидан келиб чиқиб фикр билдирди. Июль ойида Ўзбекистонда жазирама кунлар, аномал иссиқ ҳаво аввалги даврларга нисбатан узоқ давом этаётгани айтилмоқда. Ҳатто тунги вақтда ҳам ҳаво сезиларли иссиқ бўлмоқда. Кундуз кунлари +40 даражадан юқори ҳароратли соатлар ўтмишдагидан кўпроқ. Эркин Абдулаҳатов фикрича, мамлакатда янгича иқлимий давр бошланяпти.
“Ўзгидромет” жорий йил 23–27 июль кунлари республикада ҳарорат бир оз пасайишини прогноз қилди. Жумладан, 23 июль куни кундузи ҳаво 38-40 даража, 24-25 июлда 37-42 даража, 26-27 июль кунлари 33-38 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)