Қаршидаги корхона гарданига электр энергиясидан қарийб 185 миллион сўмлик асоссиз қарздорлик “илинди”. Бу ҳақда 30 июль куни Рақобат қўмитаси хабар бериб, ҳолат юзасидан тадбиркор ҳуқуқи ҳимоя қилинганини билдирди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фаолият юритувчи “Гидробионика” МЧЖ “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖнинг “Энергиясавдо” филиали бўлинмаси фаолиятидан норози бўлиб, Рақобат қўмитасига мурожаат қилган.
Жараён ўрганилганда тадбиркор коммунал тўловларни доимий равишда, ўз вақтида тўлаб келаётгани аниқланган. Электр таъминоти корхонаси ходимлари эса унга электрон тизимга техник хатолик сабаб киритилган маълумотлар асосида 185 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорлик чиқарган.
Қўмита хизмат кўрсатувчи ташкилотга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатган. Якуний чора сифатида тадбиркорга асоссиз ҳисобланган қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши таъминланган.
“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, устун мавқега эга корхона ёки бир гуруҳ шахслар рақобатни чеклаши ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини камситиши тақиқланади. Яъни моддада рақобатга қарши ҳар қандай ҳаракат ман этилиши ёзилган.
Изоҳ (0)