Ижтимоий тармоқларда айрим консалтинг фирмаларнинг 3-4 курсдан ўқишга киритишга ваъда бераётгани ҳақида очиқ эълонлари пайдо бўлди. Ушбу хабарларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирлик матбуот хизматининг ёзишича, HEMIS тизими орқали ҳар бир талабанинг қабул қилиниши, ўқиётган йўналиши ва курси аниқ қайд этилади. Хориждан ўқишини кўчиришда эса фақат расмий ҳужжатлар асосида, ўқув режалари солиштирилиб, ректор буйруғи билан қабул амалга оширилади. Бу жараён электрон тизимда тўлиқ ва шаффоф юритилади, асоссиз маълумотлар киритилмайди.

Муносабатда айтилишича, ҳолат юзасидан текширув олиб борилади.
“Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур масала юзасидан текширув олиб бормоқда. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг таъкидлашича, айрим консалтинг фирмалар 50 дан ортиқ йўналишга 2-3-4 ва ҳатто 5-курсдан ўқишни таклиф қилади. Бунинг учун Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг олийгоҳларида ўқияпти, деган сохта ҳужжат тайёрланади. Лекин улар бу ҳужжатни талабага кўрсатишмайди. Бу сохта ҳужжат орқали талаба ўқишини чет элда кўчириб келгандай қилиб кўрсатишади ва у Ўзбекистонда ўқишни юқори курсдан бошлайди.
Консалтинг фирмалар ушбу хизматлари учун 10 миллиондан 30 миллион сўмгача маблағ талаб қилишади. Лекин бу пуллар контракт суммасини ўз ичига олмайди. Контракт пулини талаба алоҳида тўлаши керак бўлади.
Университетлар эса, HEMIS дастурига орқа сана буйруғи билан янги келган талабаларни киритиб қўяди. Бунинг учун контракт суммаси тўлиқ тўланиши керак.
“25 йил 1 январдан 3 июлгача 41 минг 812 нафар талаба HEMIS тизимига киритилган, шундан 25 минг 821 нафари сиртқи таълимга қўшилган. Шу давр ичида битта хусусий университет 3 ва 4-курсга 3 минг 200 нафар талаба қабул қилган, яна бошқа биттаси 1 минг 599 кишини юқори курсларга HEMIS’га киритган”, деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Изоҳ (0)