Ўзбекистон яна бир халқаро шартномага қўшилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унда айтилишича, “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаш тузиш тўғрисидаги битимга қўшилди.
Ушбу битим 2013 йил 25 октябрь куни Минск шаҳрида имзоланган. Ташқи ишлар вазирлиги шартномани амалга оширишга масъул бўлган вақолатли орган тўғрисида тегишли билдиришномани депозитарийга юборади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилишини таъминлайди.
Ўзбекистонда коррупция хавф-хатарларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича янги механизм жорий этилади.
13 май куни Бош прокуратурада Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бош прокурор биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳамда Президент администрацияси масъул ходими иштирок этди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича “Андижон тажрибаси” асосида барча ҳудудлар томонидан “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилгани, коррупциянинг олдини олиш, айниқса, маиший коррупцияга барҳам бериш, ҳудудларда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратиш мақсадида янги механизмларни йўлга қўйиш юзасидан тузилган Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳларининг вазифалари бирма-бир таъкидлаб ўтилди.
Изоҳ (0)