Шавкат Мирзиёев 24 июль куни 68 ёшни қарши олганди. Президент шу муносабат билан табриклаган барчага миннатдорлик билдирди.

“Туғилган куним муносабати билан чин юракдан муборакбод этиб, ўзларининг самимий қутловлари ва эзгу тилакларини билдирган хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчиларига, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, юртимиздаги меҳнат жамоалари, маҳаллалар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари фаолларига, тадбиркорларимизга, мамлакатимиз ва чет эллардаги барча ватандошларимизга чуқур миннатдорлик изҳор этаман”, деди президент.
Давлат раҳбари унинг номига йўлланган табрик ва тилакларни, аввало, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, дунё ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликда амалга ошираётган ислоҳотларга, Ўзбекистон келажагига ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қилишини билдирди.
“Барча ташаббус ва дастурларимизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган мард ва олийжаноб халқимизга яна бир бор чин дилдан фарзандлик меҳрим ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман”, дейилади давлат раҳбарининг миннатдорчилигида.
Ўзбекистон президенти 2025 йил 24 июль куни 68 ёшга тўлди. Шу муносабат билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар, парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар раҳбарлари, таниқли жамоат, дин ва спорт арбобларидан табриклар келди. Жумладан, Россия, Хитой, Озарбайжон Туркия, Италия, Жанубий Корея, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари табрик йўллади.
Президент ахборот хизмати қутловлар келишда давом этаётганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)