Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти ҳамда Бош прокуратурадан иборат ишчи гуруҳ Экология вазирининг топшириғига биноан Навоий шаҳрида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганиш икки йўналишда олиб борилмоқда:
- биринчиси — шаҳарда қайд этилган оқ туман (ёки оқ тутун) манбаини аниқлаш,
- иккинчиси — саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш.
Барча чора-тадбирлар қатъий назорат остида амалга оширилмоқда, қонунбузарликлар аниқланган тақдирда масъул шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилади.

Биринчи ҳолатда, 19 июль куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланди. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингургурт икки оксиди белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак эса 1,43 баравар юқори экани маълум бўлди.
Шу куни соат 05:30 да (собиқ “Электрокимё” заводи ҳудудида) “Согда кимё завод” МЧЖ, “Ферросплав” МЧЖ ва “Зарафшон индустриал течнологй” МЧЖ заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилган.

Ушбу корхоналарни текшириш давомида:
- “Согда кимё завод” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратгани ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларни ҳудудидан ташқарида жойлаштирганлиги, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётгани, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ релефга ташлангани, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётгани аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўлов белгиланди;
- “Ферросплав” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосаси олмасдан фаолият юритаётганлиги, хом ашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётгани ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётгани аниқланди;
- “Зарафшон индустриал течнологй” МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармагани, рухсат этилган меъёрдан водород сулфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингурут қўш оксиди 2,6 баравар, водород сулфид 40 баравар юқори эканлиги ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига роия этилмагани аниқланди.
Мазкур саноат корхоналари атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва белгиланган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги сабабли Экология вазирлиги томонидан уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бу корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилди. Ушбу муддат ичида корхоналар ўз фаолиятини экологик талабларга мослаган ҳолда йўлга қўймаса, судга тегишли равишда уларнинг фаолиятини тугатиш бўйича даъво аризалари киритилади.

Иккинчи ҳолатда, Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда. Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабаларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.
Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида қуйидаги 22 корхона фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмагани, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилгани сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди:
- “Қурилиш маҳсулотлари” (ғишт заводи),
- “Навоий глобал транс сервис” (гранит),
- “Иттифоқ” (ғишт заводи),
- “Қизилқум темир бетон” (плита), “Қизилқум шифер” (шифер),
- “Стройком-77” (буёқ пегменти),
- “Кармана кварс” (оҳак заводи),
- “Навоий утил мед” (тиббиёт чиқиндиларни ёқиш),
- “Навоий асир инвест” (кимёвий моддалар сақлаш омбори),
- “Барно” (қурилиш чиқинди полигони),
- “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак ва тош майдалаш цехи),
- “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак завод),
- “Навоий асир инвест савдо” (сирка кислотаси омборхона),
- “Монтаж сервис маликработ” (металга ишлов бериш),
- “Карманасут” (сут қайта ишлаш),
- “Алибобо-2020” (темир эритиш),
- “Фосхим агро” (фосфорли ўғит ишлаб чиқариш),
- “Жаҳон бизнес барака сервис” (оҳак цехи),
- “Рубин-кармана” (асфалт завод),
- “Согда кимё завод” (кимёвий ўғит ишлаб чиқариш),
- “Ферросплав” (металл эритиш) МЧЖлар,
- “Парда бобо устахонаси” (бетон блок)
Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини баратараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.

Бундан ташқари, “Навоий азот корхонаси” фаолияти ўрганилганда, корхона ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келинганлиги, қурим (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосферга ҳавоси ифлослантирилгани аниқланган. Шунингдек, 29 июль куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси “Навоийазот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43 да шарқий ҳудуд атрофида аммиак моддаси миқдори 1,5 марта, водород сулфиди 36 марта, соат 00:16 да ғарбий ҳудуд атрофида аммиак моддаси миқдори 6,6 марта водород сулфиди 1,4 марта, олтингугурт тўрт оксиди моддаси 1,2 марта меъёрдан юқори чиқиши ҳолати аниқланди. Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланди.
24 июль куни тунги вақтда ўтказилган тезкор назорат тадбири даврида Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётгани, натижада атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётгани аниқланган. Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланди ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.
“Вазият қатъий назорат остида. Экология вазирлиги табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузувчи корхоналарга нисбатан бундан буён ҳам қатъий чоралар кўради”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, Навоий шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда ҳар бир корхона кесимида амалга оширилиши лозим бўлган экологик тадбирлар дастури шакллантирилади ҳамда Навоий вилояти Халқ депутатлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.
Изоҳ (0)