Ўзбекистонда Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари қонуний талабларини бажармаганлик учун жарима миқдори оширилди.

Президент томонидан 31 июлда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходими ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик
Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик (194-модда) эндиликда БҲМнинг 5 бараваридан 12 бараваригача (2 миллион 60 минг сўмдан 4 миллион 944 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Илгари жарима мидрори БҲМнинг 1 бараваридан бошланган.
Бундан ҳуқубузарликка ички ишлар органлари ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, ички ишлар органларига бориш ёки кўрсатилган муддатда ички ишлар органларида бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, худди шунингдек жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш вазифаларини амалга ошираётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик кабилар киради.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 12 бараваридан 30 бараваригача (4 миллион 944 минг сўмдан 12 миллион 360 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик
Бундай ҳуқуқубузарлик (194-1-модда) ҳам БҲМнинг 5 бараваридан 12 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 12 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу қонун эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.
Изоҳ (0)