Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 32 ёшли фуқаро Мурод Қудабоев спиртли ичимликлар сотувчи дўкон эгаси томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди.

Ҳодиса ҳақида қисқача: Чирчиқ шаҳрида яшовчи 38 ёшли тадбиркор 5 март куни соат тахминан 19:00 ларда ўзига тегишли савдо дўконини ёпиб, кетаётган пайтда Чирчиқ шаҳрида яшовчи таниши Мурод Қудабоев келиб, унга ичимлик беришини сўраган.
Дўкон эгаси унга ишини тамомлаганини, уйига кетаётганини айтса-да, 32 ёшли эркак спиртли ичимлик сотишини талаб қилган. Уларнинг ўртасидаги мулоқот тортишувга айланган.
Жанжал вақтида дўкон эгаси қўли ва оёқлари билан Муроднинг боши ва юз қисмига бир неча маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Натижада фуқаро Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Шифокорлар кўрсатган ёрдамга қарамай 6 март куни вафот этган.
“Маст ҳолатда келиб, қарзга ароқ сўради. Қаердансан, деганида Паркентданман дедим. Сен ҳам келгинди экансан-да, деди. Кетдим, деб бурилганимда оғзимга бир мушт келиб тушди. Йиқилиб тушдим. Бўйнимдан ушлаб онамни, аёлимни сўкди. Индамадим, қўлидан чиқиб кетиш мақсадида 4-5 мушт урдим. Қарасам жавоб қайтармаяпти. Ҳушидан кетиб қолибди”, дейди эркак.
Марҳумнинг беш ёшли фарзанди бўлган, рафиқаси эса ҳомиладор. Айбдор марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдириб, барчадан узр сўради.
Суд ҳукми билан эркак 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Бундан аввал Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида харидорни пичоқлаган дўкон сотувчиси 11 йилга қамалган эди. Шунингдек, Тошкентда йигит кўчада, одамлар олдида танишини пичоқлагани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)