Президент администрациясининг Назорат инспекциясини 16 июндан тугатишга қарор қилинди. Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида Назорат инспекцияси фаолияти танқидий кўриб чиқилди.

“Назорат инспекциясига нима учун шунча ваколат берилган? Вазирларга яхши кўриниш учун, улар нимани берса, шуни кўтариб келмасдан, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича нега таклиф киритмайди?”, деди давлат раҳбари.
Фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни ҳисобга олиб, Президент администрациясининг Назорат инспекциясини бугуннинг ўзида тугатишга қарор қилинди.
Саидлазиз Саидкаримов инспекцияга 2022 йил августидан буён раҳбарлик қилиб келган, у президент топшириқлари ижросига масъул бўлган ва уларга совуққонлик билан ёндашган раҳбарларга чора кўриш бўйича таклифлар киритиб бориши керак эди.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди.
Бундан буён ижро интизомига Ҳисоб палатаси масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Эндиликда Ҳисоб палатаси қарорлар билан берилган маблағларни фақатгина тўғри сарфланишини эмас, балки нима самара берганини, аҳоли бундан қанчалик рози бўлганини ҳам ўрганади. Палата раиси ҳар бир қарор ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, заиф нуқталар, “аравасини тортмаётган” раҳбарлар ва ишламаётган тизимлар бўйича ўз таклифини ҳар ойда президентга киритади.

Ҳисоб палатасига бир ой ичида Тошкент шаҳрида ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон порталини бутун республикада ишга тушириш топширилди. Ушбу портал орқали аҳоли қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилма муаммоларини суратга олиб ва аниқ манзилини кўрсатган ҳолда мобил илова орқали юборади. Масаланинг ечими ҳам фотосурат билан тасдиқланади. Уларнинг қанчалик тез ва сифатли ҳал этилишига қараб, ҳокимлар фаолияти кунлик баҳолаб борилади.
Бу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлади ва унга барча вазирлик, идора, ҳокимликлар уланади.
Изоҳ (0)