Бухоро шаҳридаги тиббиёт марказида дарахтларни ноқонуний кўчирган мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳри “Шейхон” МФЙ ҳудудида жойлашган тиббиёт марказида радиология бўлимини қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган пайтда, ушбу объект атрофи ўраб олинганидан фойдаланиб, “М.Г.” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан қонунбузарликка йўл қўйилган. Яъни тиббиёт маркази ҳудудида дарахтлар ноқонуний тарзда кўчирилган.
Ўрганиш жараёнида ҳудуддан жами 38 туп қимматбаҳо дарахт кўчириб ўтказилган бўлиб, уларнинг 26 тупи нобуд бўлгани аниқланди. Оқибатда табиатга 170 миллион 62 минг 500 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилиб, жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойида Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилгани аниқланганди. Ҳокимлик мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари ва ноқонуний топшириқлари оқибатида кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган. Бунинг оқибатида табиатга 1 млрд 829 млн 437 минг 500 сўм зарар етказилган.
Изоҳ (0)