Андижон вилояти Шаҳрихон туманида бола ўғриси ушлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати буни рад этди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат ўрганилганда 31 июль куни Шаҳрихон туманидаги хонадонга номаълум шахс кириб олгани, хонадон эгаси шу куни соат 15:40 ларда “102” қисқа рақамига бу ҳақда хабар бергани аниқланди.
Ҳудуд профилактика инспектори воқеа жойига бориб, ҳолатга ойдинлик киритганда, ушбу фуқаро шу тумандаги бошқа маҳаллада яшовчи, 2019 йилдан буён руҳий касалликлар (Д) рўйхатида турувчи, 1986 йилда туғилган, руҳий носоғлом фуқаро экани маълум бўлган. Ушбу фуқаро ҳудуд профилактика инспектори томонидан шу куннинг ўзида Андижон вилояти психоневрология диспансерига даволаниш учун жойлаштирилган.
“Ижтимоий тармоқлар орқали бола ўғриси ушлангани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо асосга эга эмас”, дейилади хабарда.
Андижон вилояти ИИБ ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликларини сўради.
Бола ўғрилари ҳақида асоссиз хабарлар тарқалиши биринчиси эмас. Сурхондарёда ҳам бола ўғриларини ушлашгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўрганишлар натижаси ушбу хабарлар асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ экани маълум бўлган.
Изоҳ (0)