Машҳурлар дам олиш масканларига учиб, концертлар бериб, янги фильмлар суратга олинаётган бир пайтда технологиялар ҳам тўхтаб қолмаяпти. Бугун сизни бефарқ қолдирмайдиган энг сўнгги гаджетлар ҳақида сўз юритамиз.
Сузиш учун ақлли кўзойнак
Форм компанияси сузувчилар учун янги Smart Swim 2 қурилмасини ишлаб чиқарди. Бу сузиш машғулотлари учун қулай бўлган ақлли кўзойнакларнинг янги модели. У 12 соат давомида қувватланмасдан ишлайди ва фойдаланувчига юрак уриш тезлиги, ҳаракатлар сони, босиб ўтилган ва мақсадгача қолган масофани кўрсатиб туради.
Янги Unitree роботи
Unitree компанияси ўз роботларига нималарни ўргатмади дейсиз. Яқинда уларнинг маҳоратлар рўйхатига салто ва жанг қилиш кўникмалари қўшилди — буларнинг барчасини Unitree R1 янги моделида кўриш мумкин.
LG’дан улкан планшет
LG StanbyME 2 китоб ўқиш, фильм томоша қилиш ва ўйинлар ўйнаш имконини беради. Хоҳласангиз, уни ҳатто расм ўрнига деворга осиб қўйишингиз мумкин. Фақат ҳар 4 соатда қувватлаш учун жойидан олишга тўғри келади.
Сунъий интеллектли ахлат челаги
HTX Studio ходимлари офисдаги чиқинди миқдорини камайтириш усулини ўйлаб топди. Улар челакларга ғилдираклар ўрнатиб, уларга мумкин бўлган ҳамма нарсани тутишни ўргатишди. Ҳатто тозалаш жараёни ҳам автоматлаштирилган.
Энг тез электр самокат
Bo компанияси муҳандислари энг тезкор электр самокатни яратди. У икки электромотор ва 240 километр масофага етадиган аккумулятор билан жиҳозланган. Ҳозирда унинг максимал тезлиги соатига 137 километрни ташкил этади. Келажакда ишлаб чиқарувчилар 160 км/соат тезликка эришишни мақсад қилган. Бу транспорт воситасининг нархи деярли 30 000 долларни ташкил этади.
Изоҳ (0)