2025 йил 15 июль куни ўзбек миллий спорт тури — Турон бўйича Халқаро федерация АҚШнинг Нью-Ёрк штати Департаменти томонидан расман рўйхатга олинди. Эндиликда Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation — ITF) ўз фаолиятини халқаро даражада амалга оширади.
Бугунги кунда дунёда 200 дан ортиқ давлат мавжуд бўлса-да, ўз миллий спорт турини халқаро майдонга олиб чиққан мамлакатлар сони унчалик кўп эмас. Эътиборли томони шундаки, ўзбекистонликлар бу борада салмоқли ютуқларга эришмоқда. Аввал 1998 йил 6 сентябрда Кураш спорт тури расман халқаро майдонга чиққан бўлса, эндиликда Турон спорти ҳам бу йўлдан бормоқда.
Халқаро Турон федерациясининг айнан Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилиши бежиз эмас. Нью-Йорк — дунёнинг йирик сиёсий, молиявий ва маданий марказларидан бири бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бутунжаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби кўплаб глобал институтлар айнан шу шаҳарда жойлашган. Федерация бош қароргоҳининг айнан шу ерда ташкил этилиши Турон спортининг халқаро миқёсдаги ривожи учун қулай имкониятлар яратади.
Янги ташкил этилган федерация олдида бир қатор муҳим вазифалар турибди. Жумладан:
- Турон спорти қоидаларини халқаро стандартларга мос равишда қайта кўриб чиқиш;
- Федерация бошқарув тизимини шакллантириш;
- ITF’нинг расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларини ишга тушириш;
- Ахборот ва тарғибот ишларини кучайтириш;
- Яқин келажакда Ўзбекистонда Турон спорти бўйича тарихдаги биринчи Жаҳон кубоги мусобақасини ташкил этиш.
Федерация ушбу йўналишларда изчил ва тизимли ишларни бошлашга тайёр. Мақсад — Турон спорти орқали ўзбек миллий меросини халқаро миқёсда кенгроқ танитишдир. Федерация бу йўлда ҳамкорликка очиқ ва қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган барча ташаббускорларга доимо очиқдир.
Изоҳ (0)