Каталониянинг “Барселона” клуби раҳбарияти жамоанинг асосий футболчилари — ярим ҳимоячи Фрэнки де Ёнг ҳамда ҳимоячилар Жюл Кунде ва Эрик Гарсия билан шартномаларни узайтириш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Испаниянинг Mundo Deportivo нашри хабар берди.

Манбага кўра, ушбу футболчиларнинг шартномаси 2026 йилгача амал қилади. Шу сабабли “кўк-анорранглилар” уларни таркибда узоқ муддат сақлаб қолиш мақсадида янги битим таклиф қилмоқчи.
Каталонияликлар франциялик ҳимоячи Жюл Кунде клуб билан янги шартнома бўйича келишувга эришган. Энди навбат нидерландиялик ярим ҳимоячи Фрэнки де Ёнгга келган. Клуб раҳбарияти у билан шартномани 2029 йилгача узайтиришни режалаштирмоқда.
Эрик Гарсия масаласи эса ҳозирча очиқ қолмоқда. Агар бош мураббий Ҳанси Флик бошчилигидаги жамоа ёзги трансфер ойнасида марказий ҳимоячилардан бирини сотишга муваффақ бўлса, Гарсиянинг клубда қолиш эҳтимоли ошади. Акси бўлса, Эрик 2026 йилдан жамоани тарк этиши мумкин.

Маълумот учун, Испания Ла Лигасининг янги мавсуми 15 август куни старт олади. “Барселона” эса мусобақадаги илк ўйинини 16 август куни “Мальорка”га қарши ўтказади.
Изоҳ (0)