Бразилия терма жамоаси ва “Сантос” клуби ҳужумчиси Неймар Европага қайтиши мумкин. Франциянинг “Марсель” клуби футболчининг трансфери бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.

Ҳозирда Неймар Бразилиянинг “Сантос” клубида тўп сурмоқда. Бироқ жамоанинг қониқарсиз натижалари, рақобат даражасининг пастлиги ва мотивация етишмаслиги туфайли у Европага қайтишни истамоқда. “Марсель” клуби эса ҳужумчини қўлга киритиш мақсадида унинг вакиллари билан боғланган.
Неймар “Марсель” таклифини жиддий кўриб чиқиши кутилмоқда. Сабаби, у 2026 йил АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига оптимал спорт формасида етиб боришни истайди. Бу омил футболчининг қарорига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Неймарга Европанинг бошқа клублари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, Туркиянинг “Галатасарой” ҳамда Германиянинг “Бавария” клублари футболчининг хизматларига қизиқиш билдирган, бироқ бу трансферлар якунда амалга ошмади.
Эслатиб ўтамиз, Неймар қишки трансфер ойнасида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубидан эркин агент сифатида “Сантос”га ўтган эди. Бунгача у “Барселона” ва Франциянинг бошқа етакчи клуби — “ПСЖ” сафида тўп сурган.
Маълумот ўрнида, Неймар жорий мавсум Бразилия чемпионати доирасида жами 18 ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол урган ва 3 та голли узатма амалга оширган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 12 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)