Японияда бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ кун қайд этилди. 30 июль куни Тамба шаҳрида ҳарорат 41,2 даражага етди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Бу кўрсаткич мамлакатда 2018 йилда ўрнатилган ва 2020 йилда такрорланган аввалги 41,1 даражалик ҳарорат рекордидан ошиб кетди. 40 даража ва ундан юқори ҳарорат Фукутияма, Манива ва Нишиваки шаҳрида ҳам кузатилган. Ўтган ҳафта Японияда 10,8 мингдан ортиқ одам иссиқлик уриши билан касалхонага ётқизилган, 16 киши эса иссиқдан вафот этган.
Июнь ойида Япония бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнни бошдан кечирди. Ўртача ҳарорат меъёрдан 2,34 даражага юқори бўлди. Мамлакатда ўртача йиллик ҳарорат кетма-кет иккинчи йил рекорд ўрнатмоқда.
Жанубий Кореяда жазирама оқибатлари
Иссиқ об-ҳаво бошқа минтақаларда ҳам салбий оқибатларга олиб келмоқда. Жанубий Кореяда жазирама туфайли 13 киши вафот этди, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида жазирама хавфига доир огоҳлантиришлар эълон қилинди. Корея Метеорология агентлиги маълумотига кўра, 30 июль куни Тежон шаҳрида ҳаво ҳарорати +38 даража, Сеул ва Тегу шаҳарларида эса +36 даража бўлган.
Изоҳ (0)