Эрон аҳолиси 2025 йилнинг иккинчи чорагида олтин харид қилишни кескин кўпайтирди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши 31 июль куни эълон қилган ҳисоботида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 12 кун давом этган Эрон—Исроил уруши фонида мамлакатда олтинга талаб жуда ошиб кетган. Нархлар юқорилигига қарамай, умумий олтин савдоси ҳажми 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўпайган. Олтин танга ва ёмби (қуйма олтин бўлаги)ларга талаб сўнгги 6 йилдаги энг юқори даражага етган. Дунё бўйича эса, 2025 йилнинг иккинчи чорагида олтин танга ва қуйма харидига талаб биринчи чоракка нисбатан 6 фоизга камайган.
“Эрон бу борада истисно бўлди — аҳоли олтин тақинчоқларга қизиқиб, уларни инвестиция воситаси сифатида сотиб олди. Бу 12 фоизлик ўсишни кўрсатмоқда”, деди Жаҳон олтин кенгаши таҳлилчиси Луиза Стрит.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича тақинчоқларга талаб миқдори 14 фоизга пасайган бўлса-да, уларнинг умумий савдо қиймати 21 фоизга ошган. Одамлар глобал иқтисодий ноаниқликлар фонида “хавфсиз инвестиция” излаб, бюджетларини кенгайтиришга мажбур бўлмоқда. АҚШнинг савдо божлари билан боғлиқ талаблари ва геосиёсий тангликлар фонида олтиннинг инвестиция қиймати апрель–июнь ойларида ҳам юқорилигича қолмоқда.
Эроннинг олтин захиралари
Эрон Марказий банки мамлакат олтин захираларини бошқаради. 2023 йил ҳолатига кўра, Эрон расмий равишда 340 тоннага яқин олтин захирасига эга. Бу Эронни минтақадаги энг йирик олтин эгаларидан бирига айлантиради. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, мамлакат Евросиё минтақасида ўртача юқори захира эгаси ҳисобланади. Глобал рейтингда эса 30–40-ўринлар ўртасида жойлашган.
Маълумот учун, Эрон ҳудудида бир нечта олтин конлари мавжуд, хусусан, Заршуран кони — энг йирик ва энг ривожланганлардан бири. Бундан ташқари, Эронда Қизил Қанд, Дашкасан ва Сагҳанд конлари ҳам фаолият юритади. 2022–2023 йилларда Эрон йилига 10–15 тонна олтин қазиб олган.
Изоҳ (0)