Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансфер ойнасида йирик битимни амалга оширишга тайёр. Mundo Deportivo нашрининг хабарига кўра, “қироллик клуби” “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родрини ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда.

Манбага кўра, мадридликлар марказий ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш ниятида ва 29 ёшли испаниялик футболчи учун 100 миллион евро тўлашга тайёр. Айни пайтда Родри “Реал” раҳбарияти томонидан бу нархга лойиқ ягона ярим ҳимоячи сифатида кўрилмоқда.
Аввалроқ, клуб бош мураббийи Хаби Алонсо бир нечта бошқа номзодларни ҳам илгари сурган: Германиянинг “Штутгарт” клубидан Анхело Штиллер, Италиянинг “Интер” жамоасидан Николо Барелла ва Нидерландиянинг “АЗ Алкмар” сафида тўп сураётган Кес Смит. Бироқ “Реал” президенти Флорентино Перес ушбу футболчиларни “қироллик клуби” даражасидаги ўйинчилар деб ҳисобламаётгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, мадридликлар Родрини “Сити”дан олиб келиш осон кечмаслигини яхши тушуниб туришибди. Бироқ футболчининг илгари “Реал Мадрид”дан таклиф тушса, уни жиддий кўриб чиқишга тайёрлигини билдиргани бу трансферга нисбатан умид уйғотмоқда, дея ёзади Mundo Deportivo.
Маълумот учун, Родри ўтган мавсумда жароҳат туфайли узоқ вақт майдонга туша олмади. У сафга қайтгач, бор-йўғи 8 та учрашувда иштирок этиб, 1 та голли узатма билан кифояланган. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 110 миллион евро деб баҳоламоқда.
Изоҳ (0)