“Бавария”нинг 32 ёшли ҳужумчиси Ҳарри Кейн 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг Англия Премер Лигасига қайтиши мумкин. Бу ҳақда The Telegraph нашрига таяниб Championat хабар берди.

Манбага кўра, Мюнхен клуби ҳамда футболчи ўртасидаги шартномада Кейннинг товон пули миқдори ҳар йили камайиб боришини назарда тутувчи банд мавжуд. Шунингдек, ҳужумчининг собиқ клуби — “Тоттенҳэм”да уни қайта сотиб олиш ҳуқуқи мавжуд. Бироқ бу имконият фақат “Бавария” футболчини сотишга рози бўлса ва Кейннинг ўзи “Тоттенҳэм”га қайтишни хоҳласа амалга ошади.
Маълумот учун, Ҳарри Кейн 2023 йил ёзида “Тоттенҳэм” сафидан Германиянинг энг нуфузли клубларидан бири — “Бавария”га ўтган эди. Унинг шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади.
Ҳужумчи ўтган мавсумда “немис машинаси” сафида жами 51 ўйинда майдонга тушиб, 41 та гол урган ва 14 та голли узатма берган. Transfermarkt портали футболчининг ҳозирги бозор қийматини 75 миллион еврога баҳоламоқда. У ўтган мавсум “Бавария” билан Германия чемпионлигини қўлга киритди. Бу Кейннинг карьерасидаги илк соврин ҳисобланади.
Изоҳ (0)