Мадриднинг “Реал Мадрид” клуби Браим Диас, Родриго Гоэс ва Эдуардо Камавинганинг трансферларидан 200 миллион евро атрофида даромад олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.

Манбага кўра, клуб Хаби Алонсо қўл остида ўйин услубини янгилашни мақсад қилган. Бу эса жамоа таркибини қайта шакллантириш ва янги футболчиларни жалб этишни талаб этади. Шу сабабли раҳбарият юқори номи келтирилган уч футболчи учун тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Хусусан, аргентиналик Франко Мастантуононинг трансфери ортидан Браим Диаснинг “Реал”даги келажаги сўроқ остида қолмоқда. Жамоа ҳозирда ёш, тезкор ва прессингда фаол ҳаракат қиладиган ўйинчиларга кўпроқ имкон бермоқчи. Агар Диасга Англия Премьер Лигаси ёки А Сериядан жиддий таклиф тушса, клуб уни 60 миллион евро эвазига трансфер қилади.
Шунингдек, “қироллик клуби” Родриго Гоэс бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқишга тайёр. “Реал” раҳбарияти бразилиялик вингернинг нархини 90 миллион еврога баҳолаган. Ҳозирда унга “Арсенал”, “ПСЖ” ва “Тоттенҳэм” каби клублар қизиқиш билдирмоқда.
Эдуардо Камавинганинг ҳам жамоадаги келажаги мавҳумлигича қолмоқда. Унинг салоҳиятига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти, бироқ у Хаби Алонсонинг тактик қарашларига тўлиқ мос келмаслиги айтилмоқда. Агар франциялик футболчи учун 50 миллион евролик таклиф тушса, клуб музокараларга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, “Реал Мадрид” ўтган мавсумда ҳеч қандай соврин қўлга кирита олмади. Жамоа Ла Лигада ва Испания Кубогида “Барселона”га имкониятни бой берди, Чемпионлар Лигасида эса “Арсенал” тўсиғидан ўта олмади. Ушбу натижалардан сўнг клуб раҳбарияти Карло Анчелоттини истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Хаби Алонсони бош мураббий этиб тайинлади.
Изоҳ (0)