Каталониянинг “Барселона” клуби футболчиси Ламин Ямал илк бор 10-рақамли либос остида рақиб дарвозасини ишғол қилди. У Кореянинг “Сеул” клубига қарши ўйинда дубль қайд этиб, жамоасининг йирик ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Учрашувдан сўнг Ламин ушбу ҳолат бўйича ўз фикрини билдирди.

У журналистлар билан суҳбатда қуйидагиларни таъкидлади:
Мен жуда бахтиёрман. “Барселона”нинг 10-рақамли либосида гол уриш болалигимдаги энг катта орзуларимдан бири эди. Бу ҳолатни сўз билан ифодалаш қийин. “Сеул” дарвозасига урган голларим ва жамоанинг ғалабасидан жуда хурсандман.
Маълумот учун, 16 июль куни “Барселона” Ямалнинг янги мавсумда 10-рақам остида ҳаракат қилишини расман эълон қилган эди. Мазкур рақам клуб тарихида алоҳида аҳамиятга эга: Лионель Месси ушбу рақамда 2008 йилдан 2021 йилгача тўп сурган. Мессининг кетишидан сўнг, рақам Ансу Фатига топширилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Барселона” Жанубий Кореяда ўтказаётган мавсумолди йиғин доирасида “Сеул” клубини 7:3 ҳисобида мағлуб этди. “Кўк-анорранглилар”нинг голларига Ламин Ямал (2 та), Ферран Торрес (2 та), Роберт Левандовски, Андреас Кристенсен ва Гави муаллифлик қилди.
Изоҳ (0)