Англиянинг “Ноттингем Форест” клуби “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Жеймс Макейти трансфери бўйича “шаҳарликлар”га расмий таклиф юборди. Бу ҳақда Sky Sports нашрига таяниб Give me Sport хабар бермоқда.

Манбага кўра, “ўрмончилар” 22 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячини харид қилиш учун 25 миллион фунт стерлинг (тахминан 30 миллион евро) таклиф қилган. Бироқ “Манчестер Сити” бу миқдордаги таклифни рад этган.
Футболчининг клубни тарк этиш эҳтимоли юқори. Сабаби, “Сити” ёзги трансфер ойнасида Райан Шеркини жамоага қўшиб олган, қишда эса “Айнтрахт”дан Омар Мармушни харид қилган эди. Шу боис, Макейтининг ўйин амалиёти камайиши мумкин. Айнан шу ҳолат унинг жамоадан кетишига сабаб бўлиши айтилмоқда.
Айни вақтда “Ноттингем Форест” ҳужумдаги йўқотишларни қоплаш мақсадида янги футболчилар изламоқда. Жумладан, Энтони Эланганинг “Ньюкасл”га ўтиши ортидан, клуб “Сити” футболчисини ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.
“Манчестер Сити” Макейтини сотишга тайёр, аммо клуб уни юқорироқ нарх эвазига қўйиб юбормоқчи. Айни пайтда унга Англия Премьер Лигаси жамоалари билан бирга Германиянинг “Байер” клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жеймс Макейти ўтган мавсум “Манчестер Сити” сафида жами 27 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол киритган. Унинг клуб билан шартномаси 2026 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 20 миллион евро деб баҳолаган.
Изоҳ (0)