Мадриднинг “Реал” клуби вингери Родриго ёзги трансфер ойнаси вақтида жамоани тарк этмоқчи эмас. 24 ёшли бразилиялик футболчи Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор билан рақобатлашиш осон бўлмаслигини билса-да, ҳозирча “қироллик клуби”ни тарк этиш ҳақида ўйламаяпти. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романога таяниб Euro-Football нашри хабар берди.

Унга кўра, Родриго “Реал Мадрид”нинг асосий таркибидан жой олиш учун курашишга тайёр. У фақат битта шарт эвазига, яъни харидор клуб унга юқори молиявий шартнома ҳамда жамоанинг асосий юлдузи мақомини кафолатлаб берса, “Реал” сафидан кетиш ҳақида ўйлаб кўради.
Ҳозирча Родригога бу каби таклифлар келиб тушгани йўқ. Шу боис футболчи “Сантиаго Бернабеу”да қолишга ва янги мавсум асосий таркиб учун рақобатлашишга қатъий бел боғлаган.
- Маълумот учун, Родриго ўтган мавсум “Реал” сафида жами 54 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 14 та гол ва 11 та голли узатма ёздириб қўйган.
- Унинг клуб билан шартномаси 2028 йил ёзига қадар амал қилади.
- Transfermarkt портали бразилиялик футболчининг қийматини 90 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)