Саудия Арабистонининг Риёд шаҳрида шахмат бўйича нуфузли мусобақалардан бири — Esports World Cup Chess турнири бошланди. Унда Ўзбекистон вакиллари Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров иштирок этмоқда.

Мусобақанинг гуруҳ босқичида жами 16 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Улар 4 та гуруҳга бўлинади, ҳар бир гуруҳда 4 тадан шахматчи бор.
Гуруҳ босқичи қоидалари қуйидагича:
- Ким икки марта ғалаба қозонса — чорак финалга йўл олади.
- Ким икки бор мағлуб бўлса — мусобақани тарк этади.
Ҳар бир баҳс икки ўйиндан иборат. Агар натижа 1:1 бўлса, ғолиб тай-брек орқали аниқланади.
29 июль, сешанба куни гуруҳ босқичининг дастлабки беллашувлари бўлиб ўтди. C гуруҳи таркибида Жавоҳир Синдоров, Ҳикару Накамура, Вей Ли ва Алиреза Фирузжа каби кучли шахматчилар бор.
Жавоҳир Синдоров илк баҳсда АҚШ вакили Ҳикару Накамурага қарши дона сурди. Афсуски, у ҳар икки ўйинда ҳам мағлуб бўлиб, мағлублар йўлагига тушиб кетди. Гуруҳнинг бошқа баҳсида Алиреза Фирузжа Хитой вакили Вей Лини мағлуб этди ва уни ҳам мағлублар йўлагига тушириб юборди.
Энди Жавоҳир Синдоров гуруҳдан чиқиш учун айнан Вей Ли билан тўқнаш келади. Агар ушбу баҳсда ўзбекистонлик шахматчи ғалаба қозонса, мусобақадаги иштирокини давом эттиради. Акс ҳолда, турнир билан хайрлашади. Алиреза Фирузжа ва Ҳикару Накамура ўртасидаги ўйинда франциялик шахматчи устун келди ва гуруҳдан чиқишни уддалади. Энди Накамура Синдоров ҳамда Вей Ли ўртасидаги баҳс ғолибига қарши ўйнайди.

Мусобақадаги ўзбекистонлик иккинчи шахматчи — Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирокини мағлублар йўлагида давом эттирмоқда.
D гуруҳи таркибида у дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари — Магнус Карлсен, Ян-Кшиштоф Дуда ва Фабиано Каруана билан бир гуруҳдан жой олди.
Илк беллашувда Нодирбек дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсенга қарши дона суриб, имкониятни бой берди. Натижада Абдусатторов мағлублар йўлагига тушиб кетди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида полшалик гроссмейстер Ян-Кшиштоф Дуда америкалик Фабиано Каруанани мағлуб этиб, уни ҳам мағлублар йўлагига тушириб юборди.
Энди Нодирбек Абдусатторов гуруҳдан чиқиш учун айнан Фабиано Каруана билан баҳс олиб боради. Ғалаба қозонган ўйинчи турнирдаги юришини давом эттиради, ютқазган эса мусобақани тарк этади.
Шу билан бирга, Магнус Карлсен ва Ян-Кшиштоф Дуда ўртасидаги баҳсда норвегиялик гроссмейстер устунликни қўлга киритди ва гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилди. Дуда эса энди Абдусатторов – Каруана ўйини ғолибига қарши ўйнайди. Ушбу баҳс ғолиби гуруҳдан иккинчи бўлиб чорак финалга йўл олади.

Маълумот учун, ўзбекистонлик шахматчилар иштирокидаги баҳслар бугун, 30 июль куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)