Ўзбекистонлик боксчи, Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Лазизбек Муллажоновдан олинган допинг намунаси таркибида тақиқланган модда аниқлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Халқаро тест агентлиги (ITA) хабар берди.

Унга кўра, 11 июнь куни Муллажоновдан олинган намунада метастерон метаболитлари аниқланган. Бу модда Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган анаболик стероид (бу сунъий (кимёвий) йўл билан тайёрланган гормон) ҳисобланади. У мушакларни тез катталаштириш, жисмоний куч ва чидамлиликни яхшилаш учун қўлланилади.
Халқаро тест агентлиги ушбу ҳолат юзасидан спортчини огоҳлантирган. Эндиликда Лазизбек Муллажоновда “B намунаси”ни текширтириш ҳуқуқи мавжуд. Агар “B намунаси” ҳам ижобий натижа берса ёки спортчи текширувдан воз кечса, бу ҳолат антидопинг қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланади ва спортчининг мусобақалардан четлаштирилишига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, оғир вазн тоифасида (+92) рингга чиқадиган Лазизбек Муллажонов Осиё ва ёзги Олимпиада чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, у 2023 йилги Жаҳон чемпионати бронза медали совриндори бўлган.
Изоҳ (0)