Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Президентларнинг номзоди “Россия тинчлик жамғармаси” халқаро жамоат фонди томонидан илгари сурилган. Фонд уларни “халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлашга, кўп қутбли дунёни барпо этишга, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси” учун тақдирлашни таклиф қилган.
Бу ҳақда фонд бошқаруви раиси, Россия Давлат думаси халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Леонид Слуцкий мукофот ҳайъатига йўллаган хатда маълум қилинган. Хатда 2025 йил 31 март куни Хўжандда бўлиб ўтган уч давлат раҳбарларининг биринчи саммитига эътибор қаратилган. Унда тарихий келишувлар — Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси имзолангани, улар барқарорлик ва изчил тараққиёт мақсадларини таъминлашга, минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
“Россия тинчлик жамғармаси” ушбу муҳим тарихий воқеани нишонлашни ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни кўп қутбли дунё қурилишига ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Л.Н. Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатишни таклиф этмоқда, дея таъкидлади Слуцкий ўз мурожаатида.
Унинг таъкидлашича, президентларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Евросиё ҳудудида хавфсизлик таъминланмоқда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз ҳудуд яратиш ва минтақанинг туристик жозибадорлигини ошириш бўйича мулоқот давом этмоқда.
Мукофот ҳақида
Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти учинчи жаҳон уруши хавфининг олдини олишга қаратилган фаолиятдаги юксак хизматлар, халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, кўп қутбли ва зўравонликсиз дунё қуриш, демилитаризация, демократлаштириш ва гуманитар соҳалардаги ютуқлар, тинчликпарварлик фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги иштироки учун берилади.
2024 йилда ушбу мукофот Африка иттифоқига топширилган эди. Ҳакамлар ҳайъати БРИКС, ШҲТ ва “Катта йигирматалик”ка аъзо бўлган тўққиз давлат фуқароларидан иборат бўлиб, улар орасида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг уч доимий аъзоси ҳам бор.
Изоҳ (0)