Россия президенти Владимир Путин томонидан Курск вилоятига раҳбар этиб тайинланган Хинштейн амалдорларга Украина армияси билан бўлган жанглар ҳақида гапиришни тақиқлади. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Хинштейнга кўра, Украина армияси билан жанг олиб бораётган россиялик ҳарбийларнинг ҳаракатлари ҳақида аҳолини хабардор қилишни тўхтатиши лозим. У шу тариқа Россия армияси ҳаракатларига баҳо бера бошлангани, “қандайдир рақамлар, аҳоли пунктлари сони ва бошқа маълумотлар” эълон қилинаётганига муносабат билдирди. Хинштейннинг фикрича, бунга “мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”.
Барча қарорлар бунга ваколатли шахслар томонидан қабул қилинади, барча рақамлар, баҳолашлар улар томонидан берилади. Бошқача ўйловчилар погонларни тақиб, бу тизим тўлиқ ишлайдиган жойга бориш имкониятига эга. Ким ўзини ҳарбий стратег сифатида ҳис қилишни истаса, марҳамат, бугун у ерда одамлар жуда зарур, деди Хинштейн.
Россия президенти Владимир Путин Давлат думаси депутати Хинштейнни 5 декабрь куни Курск вилояти губернатори лавозимига тайинлади. Вилоят раҳбарининг ўзгариши Украина армиясининг бостириб киришидан кейин юзага келган бошқарувдаги “хаос” туфайли амалга ошган.
Украина армиясининг Курскка ҳужуми
Курск вилоятининг бир қисми ҳозирда Украина армияси назоратида. 6 август куни Украина қўшинлари вилоятга ҳужум бошлади ва жангларнинг биринчи ҳафтасида 1300 квадрат километрлик ҳудуд, 100 га яқин аҳоли пунктларини эгаллади. Сентябрь ойидан бери Россия қўшинлари Украина армиясини сиқиб чиқаришга фаол ҳаракат қилмоқда. Ноябрь ойи охирига келиб Украина ўз назорати остидаги ҳудуднинг қарийб 40 фоизини йўқотди. Украина ҳарбийларига кўра, уларга январь ойи охиригача, яъни АҚШ ҳокимиятга сайланган президент Дональд Трамп келгунча эгаллаб турган позицияларини сақлаб туриш буюрилган.
Изоҳ (0)