Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда электр энергияси узилаётгани сабаби ва энергетика инқирозини ҳал қилиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Tazabek хабар берди.
Президентнинг таъкидлашича, қуввати 1860 МВт бўлган Қамбарота ГЭС-1 қурилиши якунлангач, энергия тақчиллиги муаммоси бутунлай бартараф этилади.
У Қирғизистон бугунги кунда қўшни мамлакатлардан электр энергиясини импорт қилишга мажбур эканини, бироқ уларда ҳам тақчиллик кузатилаётгани ва совуқ кучайиши билан етказиб беришни кўпайтириш бўйича музокаралар олиб борилаётганини эслатди.
Бироқ қўшни мамлакатлардан келаётган электр узатиш линиялари доим ҳам ортиб бораётган юкламани кўтара олмайди, қизиб кетади ва авария хавфи остида қолади. Истеъмол ошганда, энергетика соҳасидаги мутахассисларимиз тартибга солувчи чораларни кўришга мажбур бўлади. Бундай чора-тадбирларсиз қимматбаҳо ускуналарнинг ишдан чиқиш хавфи мавжуд, деди Жапаров.
Сиёсатчи битта йирик трансформаторнинг нархи тахминан 140 миллион сомни ташкил этишини таъкидлади.
Тасаввур қилинг, агар у ёниб кетса, аввало, уни алмаштириш учун маблағ топишимиз керак бўлади. Ҳатто пул топилган тақдирда ҳам, ишлаб чиқарувчи заводга буюртма асосида уни тайёрлаш учун 150 кундан ортиқ вақт керак бўлади. Бунинг устига, етказиб бериш ва ўрнатиш учун 60-80 кун атрофида вақт кетади. Ўша пайтга келиб қиш ҳам тугаган бўлади, деди у.
Садир Жапаров шу сабабли бундай вазиятларнинг олдини олиш учун энергетиклар мажбуран бир-икки соатга чироқни ўчириб, қайта улашларини айтди.
Фуқароларимиздан буни тўғри тушунишларини сўрайман. Ҳа, эҳтимол, бир-икки соат электр энергияси бўлмайди. Бироқ бу чоралар узоқроқ ва оғриқли узилишларнинг олдини олишга ёрдам беради. Агар трансформаторлар ёниб кетса, ўчишлар кунлаб давом этиши мумкин, деди президент.
У ҳозирда Қирғизистонда электр энергиясидан ташқари, аҳоли фойдаланадиган табиий газ танқислиги ҳам кузатилаётганини билдирди.
Газ муаммоси ёнилғи келадиган қўшни давлатларнинг ўзида ҳам тақчиллик туфайли янада кескинлашмоқда. Қувурларда босим пасайиши таъминотга салбий таъсир кўрсатмоқда, дея хулоса қилди у.
Изоҳ (1)
Тугри туш ндик