Жанубий Корея суди мамлакат тарихида биринчи марта лавозимидан четлаштирилган, аммо ўз вазифасини бажараётган президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерини маъқуллади.
“Суд президент Юн Сок Ёлни фитнада айблаб ҳибсга олиш учун ордер берди... Мамлакатнинг конститусиявий тарихида биринчи марта амалдаги президентни ҳибсга олиш ордери чиқарилди” дейилади Yonhap хабарида.
Агентлик маълумотларига кўра, тинтув учун ордер ҳам тақдим этилган. Аввалроқ терговчилар президентнинг телефон қўнғироқлари ёзувларини олиш мақсадида унинг идорасида рейд ўтказганди.
Исёнга уриниш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб сўроққа чақирилган Юн Сок Ёл очилган иш доирасида кўрсатма беришни истамаяпти. Расмийларнинг айтишича, собиқ давлат раҳбари сўроққа чақирув қоғозларини олганига қарамай, сўроққа бир неча бор келмаган. У аввалроқ ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад этган эди.
Юн Сок Ёл сўроққа чақирувни асоссиз эътиборсиз қолдиришда давом этгани учун уни 48 соатлик ҳибсга олиш қарори қабул қилинган. Одатда ҳибсга олиш ордери чиқарилган кундан бошлаб бир ҳафта давомида амал қилади. Шунингдек, Жанубий Корея нашрларига кўра, собиқ президентга нисбатан қидирув ҳам эълон қилинган.
Yonhap Юн Сок Ёл гарчи лавозимидан вақтинча четлатилган бўлса ҳам, амалдаги давлат раҳбари сифатида Президент хавфсизлик хизмати ҳимоясида экани, шу муносабат билан хавфсизлик ходимлари президентни ҳибсга олишга уринаётганда қаршилик кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
Президент адвокати Юн Гап Гин сўзларига кўра, Коррупция амалиётларини тергов қилиш бошқармаси (CIО) исёнга уриниш бўйича ишни тергов қилишга ва сиёсатчини ҳибсга олишни талаб қилишга ҳаққи йўқ. Сиёсатчининг ҳимоячиси ҳибсга олиш сўровига жавобан қонуний чоралар кўрмоқчи.
3 декабрь куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Кейинчалик у парламент депутатлари қаршилиги туфайли ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди. Мамлакатда ҳарбий ҳолат тахминан беш соат давом этди.
Мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги қарори ортидан у лавозимидан вақтинча четлатилди. Жанубий Корея парламенти давлат раҳбарига нисбатан импичмент эълон қилган, бу ҳақдаги қарорни 204 нафар депутат маъқуллаган, 85 нафари эса қарши овоз берганди.
Изоҳ (0)