Politico нашри Россия президенти Владимир Путинни учинчи йил кетма-кет “Йил омадсизи” деб топди. Бу сафар рўйхатга Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Суриянинг қочоқ президенти Башар Асад ҳам киритилди.
Politico таҳририяти Путиннинг “Киевни уч кунда қўлга киритиш” ваъдасини эслатиб ўтди.
“2024 йилда вазият ёмонлашишда давом этди, чунки Украина Россия ҳужумларини қайтарибгина қолмай, Курскка ҳужум операцияси пайтида Россия ҳудудининг бир қисмини ҳам эгаллади”, дейилади мақолада.
Бундан ташқари, Россия иқтисодиёти юқори инфляция ва доимий ишчи кучи танқислиги сабабли ҳаддан ташқари зўриқмоқда. Путин Асад режимининг қулаши оқибатида Суриядаги таъсирини (шу билан бирга Африкага кириш имкониятини ҳам) йўқотди. Москва учун йил, гарчи ўз айбини тан олмаса-да, Озарбайжоннинг йўловчи самолётини уриб туширгани учун узр сўрашга мажбур бўлиш билан якунланди. Politico нашри вазият идеалдан анча йироқ, деган хулосага келди.
♦ Рўйхатда кейинги ўринда Виктор Орбан туради. Журналистлар уни “Путиннинг энг яқин дўсти” деб таърифлаган. У “омадсиз” унвонини Венгрияда иқтисодий муаммоларнинг кучайиши ва мухолифат етакчиси Петер Мадярнинг обрўси ошиши сабабли олди. Мадяр 2026 йилги сайловларда Орбаннинг рақиби бўлиши кутилмоқда.
♦ Politico таъкидлашича, Сурия собиқ президенти Башар Асад йилни “таҳқирли аҳволда” якунлади: мамлакат унинг душманлари назоратига ўтди, ўзи эса Москвага қочишга мажбур бўлди.
“Шу билан бирга, у буни ўз ихтиёри билан қилмаганини айтди. У хотини Асма Асаднинг ажрашиш истаги ҳақидаги миш-мишларга дуч келди. Кремль бу миш-мишларни зудлик билан рад этишга шошилди”, дея эслатади журналистлар.
♦ “Омадсизлар” рўйхатини Макрон–Шольц тандеми якунлайди.
Politico нашри таъкидлашича, 2024 йил Макрон узлуксиз муваффақиятсизликларга дуч келди: партиясининг Европарламент сайловларидаги мағлубиятидан тортиб, Францияда муддатидан олдинги сайловларгача.
“Бу қийинчиликлар бир йил ичида иккита ҳукуматнинг қулаши билан якунланди, учинчи ҳукуматнинг қулаши эса, эҳтимол, ҳали олдинда”, дея таҳририят мулоҳаза қилмоқда.
♦ Таъкидланишича, Шольц бундан ҳам ёмонроқ аҳволга тушди: шундоқ ҳам беқарор ишлаган ҳукмрон коалиция тарқалиб кетганидан сўнг, у муддатидан олдин сайлов эълон қилишга мажбур бўлди.
Уларнинг муваффақиятсизликлари нафақат ҳар иккала сиёсатчининг мавқеини барбод қилгани, балки Европа лойиҳасининг пойдевори ҳисобланган Франция-Германия иттифоқини ҳам жиддий заифлаштирганидан кейин вазият янада мураккаблашди.
Изоҳ (0)