«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Путин Сурия яҳудийлари ҳимоячисими?
Сурия яҳудийлари Россия диний дипломатиясининг таркибий қисми бўлиб, АҚШ қўшинларини масофада ушлаб туриш ва Америка христиан-евангелистларни тинчлантириш мақсадига хизмат қилади.
Владимир Путин чоршанба куни ҳамкасби Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбан билан биргаликда ўтказган матбуот конференциясида Россия Сурия яҳудийлари жамоаси билан яқин муносабатда эканини ва ҳатто уларга синагогаларни тиклашда ёрдам бераётганини ошкор қилди, деб ёзади Исроилда чоп этиладиган Haaretz нашри.
Путин тафсилотларга тўхталар экан, яҳудий жамоаси аъзолари сони қанчалиги, рус ҳукумати уларга қандай ёрдам бераётгани, бундан Исроил ҳукуматининг хабари борми йўқми – бу борада гапирмади.
Башарти Россия чиндан-да ёрдам бераётган бўлса, буни Сурия ҳукумати билан келишувга кўра амалга ошираётгани аниқ.
Ҳозирда Сурияда қанча яҳудий истиқомат қилиши борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Сурия қонунчилигига мувофиқ аҳолининг этник таркиби ҳақидаги маълумотлар очиқланмайди. Уларнинг аҳволи ҳақидаги маълумотлар ҳақида ҳам маълумотлар сир сақланади.
Оммавий ахборот воситалари бир неча ўн яҳудий синагогалари вайрон қилингани, ҳукумат томонидан мусодара этилгани ёки исёнчи гуруҳлар қўл остига ўтгани ҳақида маълумотлар тарқатган.
Бу маълумотларга кўра, Сурия яҳудийларида кўчмас мулк, миллионлаб долларлик виллалар ва дўконлар бўлган. Бу мулкларнинг аксари ҳукумат томонидан мусодара этилган ёки сотилган.
Исроил расмий вакиллари Сурия яҳудийлари жамоаси билан алоқада бўлиб туриши ҳақида хабар қилинган. Улар Тавротнинг қадимги қўлёзмаларини қўлга киритмоқчи бўлган, аммо яҳудий жамоаси оқсоллари бунга розилик бермаган. Facebook ижтимоий тармоғида ўз саҳифасига эга бўлган Самюэль Симоннинг маълумотига кўра, яҳудий жамоаси Башар Асад ҳокимиятини қўллаб-қувватлайди ва Исроилга қарши кайфиятда.
Путиннинг Суриядаги синагогаларни қўллаб-қувватлаши Россиянинг минтақадаги номусулмон жамоаларига кўрсатаётган ёрдами сирасига киради. «Яқин Шарқдаги насронийлар оғир аҳволда. Уларни таъқиб қилишяпти, ўлдиришяпти, зўрлашяпти ва талашяпти», деб айтган Будапештдаги матбуот конференциясида Владимир Путин. Россия уларни ҳимоя қилиш чораларини излаётганини қўшимча қилиб, христиан жамоаларининг раҳбарларини учрашувга таклиф қилди.
Бу Россия етакчисининг олийжаноблигидан эмас, чунки мамлакатдаги бутун уруш мобайнида тинч аҳоли ўлдирилиши уни унчалик қизиқтирмаган. Аммо номусулмон аҳолини ҳимоя қилиш дипломатик музокаралар мобайнида яхшигина фойда келтириши мумкин. Сурия аҳолисининг 16 фоизини ташкил этувчи христианлар Башар Асад режимига хайрихоҳ ва улар қўзғолончиларга қўшилмаган деб ҳисобланади.
Москва АҚШ христиан-евангелистларни диққат билан кузатмоқда, сабаби улар Трамп АҚШ ҳарбийларини Суриядан олиб чиқишини маъқулламади ва Туркиянинг Сурияга бостириб киришини агрессия деб баҳолади. Евангелистлар етакчилари Трампни Суриядаги христиан жамоати йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, айримлари эса ҳаттоки буни 1915 йилдаги арман геноциди билан тенглаштирди.
Россия уларнинг босими остида Трамп ўз фикридан қайтиб қолишидан хавфсирайди. Шу мақсадда Путин христианлар масаласини кун тартибига қўйиб, Трамп танқиддан қутулишига ёрдам бермоқчи.
АҚШ евангелистларининг эркатойи Трамп Россия ёрдамига кўз тикишга мажбур. Чунки фақат русларгина Туркия ҳамда унинг иттифоқчи қўшинларини номусулмон жамоаларига қарши хатти-ҳаракатлардан тўхтатиши мумкин.
Brexit’да русларнинг қўли борми?
«Россия Brexit атрофидаги ғала-ғовурларга аралашгани қай даражада ишончли ёки ишончсиз?» деган саволга жавоб излайди The Guardian нашри.
Сайлов яқинлашиб келар экан, Британия кун тартибида бундан-да муҳимроқ масалани топиш амримаҳол. Гап турли найранглар ишлатилишида эмас, Борис Жонсон «Европа Иттифоқидан чиқиш – халқ иродаси» деган гапни сайловолди дастурига айлантириб олганидадир.
Бош вазир референдум ҳаққоний тарзда – ўзгаларнинг таъсири остида ўтказилаётганига шубҳа туғдирмаслиги керак. Акс ҳолда Brexit тарафдорлари уни тириклай ғажиб ташлайди. Устига-устак, Brexit Жонсоннинг ягона улкан ғояси ҳамдир. Brexit содир бўлмаса, консерваторларнинг Британияни ислоҳ қилишдаги буюк миссияси қандай аҳволда қолади? Ёки тўққиз йил мобайнида Британияни бошқарган партия мамлакат иқтисодиётига етказган зарарини ким қоплайди, деган масала асосий бўлиб қолади. Жереми Корбин ҳукумат тепасига келиши консерваторлар учун даҳшатли кинонинг ўзи. Brexit’сиз жар ёқасига келиб қоламиз, деб ўйлайди улар.
Шундай қалтис вазиятда Даунинг-стритдаги 10-хона мамлакат Brexit’га қандай етиб келгани борасидаги маърузани очиқлашни истамаяпти.
Бу маърузадан чиқарилган хулосани ҳеч ким ўқий олмас экан, хавфсизлик ва разведка қўмитаси хулосалари қандай, унда хавотирланишга сабаб бўладиган жиҳатлар борми ёки йўқми, ҳеч ким била олмайди. Шундай бўлса-да, мустақил депутат, собиқ консерватор ва қўмита раиси Доминик Грив сайловчилар бу маъруза билан танишиб чиқиши керак деб баёнот берди. Ёдда тутиш лозим, махсус хизматлар фаолиятидан хабардор бу қўмитанинг қоидаси ўзи ҳақида ҳеч нарсани гапирмасликдир.
Бу ишнинг шубҳали жиҳатлари бисёр. Негаки Brexit тарафдорларининг ҳаддан зиёд кўп харажатлари ва мансабидан кетаётган Жан Клод Юнкернинг (Европа Иттифоқи раиси) Борис Жонсон ва унинг тарафдорларини ёлғон маълумот тарқатишда айблаши овоз берувчи британияликларга таъсир қилдими, йўқми, билиб бўлмайди. Хавфсизлик ва разведка қўмитаси Британияни Brexit’га олиб келган барча тафсилотларга аниқлик киритиб бериши керак эди.
Маъруза хулосаларини сайлов ўтгунча яшириш хавфли тус олиши мумкин, чунки бу жамиятнинг демократия бўлган ишончига путур етказади. Агар овоз бериш натижалари орасидаги фарқ катта бўлмаса, британияликлар сайлов натижаларини тан олмасликлари мумкин. Бу эса Британия тарихида илк марта содир бўладиган ҳодисадир. Таомилга кўра, Британияда сайловчилар сайловдан кейин хафа бўлиб, кейин тинчиб кетади. Мағлубиятга учраганлар буни эътироф этиши, ғалаба қучганлар мамлакатни барчанинг манфаатлари йўлида бошқаришга ваъда бериши керак. Лекин ҳокимиятни тинчлик ва хотиржамлик билан топшириш демократияга, сайловчилар софлик ва адолатга ишонишига ҳам боғлиқ. Давлат бу ишончни топташи эса ақлсиз сиёсатдан бошқа нарса эмас.
Британия сайлов қонунчилиги бугун жиддий ўзгаришларга зарурат сезмоқда. Интернетдаги компаниялар сайлов олдидан ёлғон маълумот тарқалишидан чўчимоқда. Twitter сиёсий рекламани тақиқлаб қўйди, Facebook тарқатилаётган маълумот ортида кимлар турганини аниқлаш борасида шаффофлик бўлишини талаб қилмоқда.
Вакиллар палатасининг маданият, ОАВ ва спорт бўйича қўмитаси февраль ойидаги мажлисларидан бирида дезинформация ҳақида маъруза эълон қилди ва сайлов қонунчилиги бугунги кун талабига мос келмай қолгани-ю, уни жиддий ислоҳ қилиш борасида баёнот билан чиқди. Амалда эса Британия парламентини муддатидан олдин сайловлар кутиб турибди, сайлов қонунчилиги билан шуғулланиш учун вақт топилмаяпти. Орада эса маърузани жамоатчиликдан бекитишмоқда, бош вазир эса ўзи хизмат қилиб эришмаган омонатга орқа қилмоқда.
Инқилоб кимларга манфаат келтирди?
Берлин девори қулаши ҳақида гапирган Гельмут Коль ўша тарихий 1989 йилда «Ҳеч кимга олдингидан ёмон бўлмайди, аммо кўпчиликка анча яхши бўлади», деб айтган эди. Унинг сўзлари коммунистик мафкура тизимидан кейин Европада иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни тезлаштиришга ёрдам берди. Орадан ўттиз йилдан ошиқроқ вақт ўтди; Европа раҳбарлари ваъдаларига қай даражада содиқ қолди, деган саволга жавоб излайди The Project Syndicate нашри.
Европанинг Прага, Бухарест ва Киев каби шаҳарларига борсангиз, импорт истеъмол маҳсулотларига тўлган савдо дўконлари-ю марказларига кўзингиз тушади. Катта залли кинотеатрларда маҳаллий шаҳар ёшларининг Marvel блокбастерларини томоша қилиш учун навбатга турганининг гувоҳи бўласиз. Эҳтимол, улар юпқа, сенсорли iPhone’ларига тикилганча кейинги таътилини Буэнос-Айрес, Париж ёки Гоада ўтказиш ҳақида ўйлаётгандир. Шаҳарлар марказида мижозлар аримайдиган қаҳвахона ва ресторанларга, расталари тўла супермаркетларга дуч келасиз. Улар маҳаллий элитадан тортиб шаҳарга ташриф буюрган барча-барчага хизмат кўрсатади. Етишмовчилик, талон тизимини кўрган коммустик ўтмишдан фарқ қилиб, бугунги Шарқий ва Марказий Европа учун янги имкониятларнинг чеки йўқ.
Лекин худди шу шаҳарларнинг қашшоқлари ва пенсионерлари энг оддий қулайликларга ҳам аранг пул топади. Кексалар иссиқлик, дори-дармон ва егулик орасидан энг зарурини танлашига тўғри келади. Қишлоқ жойларда айрим оилалар хўжалик юритишнинг эскича усулига ўтиб олган. Ёшлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, яхши ҳаёт илинжида хорижга кетмоқда. Сиёсий нигилизм, иқтисодий қийинчиликлар жамиятда ишончсизлик ўсишига, авторитар ўтмиш барқарорлиги ва хавфсизлигини эслашга, соғинишга олиб келмоқда. Популист сиёсий раҳнамолар эса жамиятнинг тушкун аҳволдаги аҳоли қатламидан фойдаланиб қолишга уринмоқда.
Икки дунё ёнма-ён яшаб келмоқда. Кейинги 30 йиллик давр Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёдаги озчилик учунгина ижобий ўзгаришлар олиб келган бўлса-да, бу собиқ коммунистик мамлакатлар аҳолисининг катта қисми учун улкан иқтисодий фалокатларни ҳам келтирди.
1990-йиллардаёқ мутахассилар бу мамлакатларда рецессия бўлиши мумкинлигини яхши билар эди. Лекин улар рецессия бу қадар вайронкор бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас эди. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ҳамда Европа тараққиёт ва тикланиш банки маълумотига кўра, Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатларидаги инқирозни АҚШда кечган 1929 йилдаги Буюк инқироз кўлами билан тенглаштириш мумкин.
Посткоммунистик мамлакатлардаги иқтисодий фалокат миллионлаб муддатидан олдинги ўлим, оммавий эмиграция ва коммунистик даврда бўлмаган ижтимоий касалликлар, хусусан, уюшган жиноятчилик кўламининг ўсиши, ошиб борувчи тенгсизликка олиб келди. Кўплаб пост коммунистик мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг умумий рақамлари даромад қарама-қаршилиги ўсаётганини яшириб келмоқда.
Бу мамлакатларда аҳоли сони ўлимнинг кескин кўпайгани ва эмиграцияга кетаётганлар ҳисобига кескин камайиб бормоқда.
Ғарб ва Шарқдаги либерал элита совуқ уруш тинчлик билан ниҳоясига етганини нишонлаб, кейинги 30 йилда юз берган ютуқлардан қувонмоқда. Бироқ кўпчилик капитализм кириб келганидан фойда кўрмаганини ҳам унутмаслик лозим. Ижтимоий сўровлар жамиятда ишонч даражаси пасайиб бораётгани, давлат идораларига ишончсизлик ортаётгани ва даромад нотенглигидан норозилик ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.
Буларнинг барчаси кейинги ўн йиллар мобайнида сиёсий ва иқтисодий ҳаётга таъсир кўрсатиб бораверади.
Берлин девори қулаганидан кейинги 30 йил Гельмут Коль айтганларининг тескарисини исботлади: кўпчилик учун ҳаёт илгаригидан ёмонлашди, озчилик учун яхшиланди. Фаровонлик ҳамма учун етарли бўлмагунича 1989 йил бошланган инқилоб ниҳоясига етмаган бўлиб қолаверади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)