Жорий йилнинг 3–4 июль кунлари Озарбайжон республикасининг Хонкенди шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 17-саммити бўлиб ўтди. Бу саммит нафақат минтақавий иқтисодий интеграция нуқтайи назаридан, балки айни вақтдаги Россия ва Озарбайжон муносабатларининг совуқлашиш фонида ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Қуйида шу ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ташкилот тарихи
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти — 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган эди.
Аммо 70 йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани туфайли ташкилот ўз фаолиятини тўхтатганди. 1985 йилда ташкилот “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлаган.
1992 йилнинг 28 ноябрь куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғилишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлади.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари: ташкилотга аъзо бўлган давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни, шу жумладан, савдо-сотиқни кенгайтириш, ҳар бир аъзо давлатда иқтисодий ўсиш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш учун шарт-шароитлар яратиш, аъзо давлатларнинг маданий алоқаларини кучайтириш ва бошқа мақсадларни кўзда тутади.
2023 йил 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтган эди.

Саммит жойининг рамзий мазмуни
Саммит Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида, яқин ўтмишда юз берган Қорабоғ можароси ва уруши марказида бўлган ҳудудда ўтказилиши — мезбон томонидан халқаро ҳамжамиятга берилган кучли сиёсий сигнал бўлди.
Бу орқали Боку бутун дунёга мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланганини ва Хонкендининг иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётга қайтганини намоён қилишга интилди.
Бу эса ИҲТ доирасидаги ҳамкорлик фақат иқтисодий эмас, балки хавфсизлик, барқарорлик ва интеграцияни чуқурлаштириш масалаларини ҳам ўз ичига олишини кўрсатади.
Ушбу саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Покистон, Афғонистон, Туркманистон, Эрон ва Озарбайжон давлат вакиллари қатнашди.

Асосий йўналишлар: савдо, транспорт ва яшил энергетика
Саммит давомида бир қанча соҳалардаги устувор йўналишлар бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, ИҲТ маконидаги транзит имкониятларини ривожлантириш, хусусан, Каспий денгизи орқали Боку—Туркменбоши—Ашхобод йўналиши, ва Покистон билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Бу эса транспорт бозорида Ўзбекистон каби ички қуруқликда жойлашган давлатлар учун янги имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, энергетик ўсиш, қайта тикланувчи манбаларни ривожлантириш, ҳамда экологик барқарорлик тамойилларини ИҲТ доирасига интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.
Савдо ва рақамлаштириш масаласида эса божхона тизимининг рақамлаштирилиши, савдони эркинлаштириш, регионал иқтисодий алоқаларни кучайтириш ҳақида ҳам бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.

Экспертлар фикри
Таниқли таҳлилчи ва “Belt & Road Consultants” компанияси раҳбари Муҳаммад Асиф Ноор Озарбайжонда бўлиб ўтган саммитни “ИҲТ тарихидаги бурилиш нуқтаси” дея баҳолади.
Унинг фикрича, транспорт йўлакларини фаоллаштириш, энергетик боғлиқликни кучайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги келишувлар минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва интеграцияни янги босқичга олиб чиқади.
Сиёсатшунос Мухтор Назиров “Дарё” билан суҳбатда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида саммитлар тизимли равишда ҳар йили ўтказилаётгани эътибор қаратиб, давлатлар ўртасида сивилизацион яқинлашув тобора кучайиб бораётганини айтиб ўтди.
“Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида саммитлар тизимли равишда ҳар йили ўтказилмоқда. Бу — ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқалар кучайиб бораётганидан далолат беради.
Бир вақтлар америкалик сиёсатшунос Самуэл Ҳунтингтон ъглобал можаролар кучайган пайтда давлатларни ўзаро яқинлаштирувчи омил — бу цивилизация бўлиб, маданият чегаралари умумий чегара бўладиъ, деб айтган эди.
Дарҳақиқат, бу саммит бўлишдан олдин ташкилотга аъзо давлатларда бир қанча зиддиятлар юз берди. Масалан, Ҳиндистон ва Покистон, Исроил ва Эрон, Тоғли Қорабоғ масаласи, Бу ҳудудларда доим геосиёсий вазият қайнаб турган.
Мени ҳайрон қолдирган масала, ташкилотга аъзо мамлакатлар бўлиб ўтган можароларда бир-бирини қўллаб-қувватлаши бўлди. Масалан, Эронни саммитда қатнашган барча давлат раҳбарлари ўз чиқишлари орқали қўллашини билдирди. Бу жиддий сигнал”, деди у.

Озарбайжон — янги минтақавий субъект
Сўнги вақтларда Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашиши — Озарбайжон учун Хонкенди саммитининг аҳамиятини икки карра оширди.
Саммит доирасида Эрон президенти ва Озарбайжон раҳбари ўзаро кўришиб, ҳеч қандай таржимонларсиз ўзаро суҳбат қурди.
Мухтор Назировнинг фикрича, Озарбайжон ва Эроннинг ўзаро яқинлашуви — Жанубий Кавказ минтақасида тарихий муаммо (Қорабоғ масаласи — таҳр.)га барҳам берилганини англатади.
“Бир вақтлар Эрон Тоғли Қорабоғ урушида Арманистонни қўллаб-қувватлаган эди. Лекин ҳозир Озарбайжон ва Эроннинг ўзаро яқинлашуви — Жанубий Кавказ минтақасида тарихий муаммо (Қорабоғ масаласи — таҳр.)га барҳам берилганини англатади.
Бундан ташқари, Озарбайжон — Жанубий Кавказ минтақасида янги мустақил субъектга айланди. У аҳолиси, иқтисоди ва геосиёсий жиҳатдан минтақадаги энг йирик мамлакат. Жанубий Кавказдаги аксарият иқтисодий лойиҳалар Озарбайжон орқали ўтади. Бу лойиҳалар доирасида расмий Боку бирор бир йирик давлатга қарам эмас.
Шунингдек, Тоғли Қорабоғ масаласини ҳал этилгач, Озарбайжоннинг Москвага қарамлиги пасайди. Ҳозир Жанубий Кавказ мамлакатлари (Озарбайжон, Арманистон ва Грузия)да Россиядан узоқлашиш тенденцияси бошланган. Россия бу минтақада ўз позициясини йўқотмоқда.
Эроннинг ўзида ҳам Россиядан узоқлашиш ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Яқинда бўлиб ўтган Исроил—Эрон можаросида Россия бетараф қолди. Москва томонидан бундай ъўйинларъ олдин ҳам бўлган”, дейди сиёсатшунос.

Озарбайжоннинг Марказий Осиё учун аҳамияти
Ўзбекистон учун Озарбайжон стратегик, иқтисодий, логистика ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлат ҳисобланади. Боиси, Ўзбекистон “Ўрта йўл” (Middle Corridor) деб номланган транспорт лойиҳаси орқали Туркия, Кавказ ва Европа билан алоқаларини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон юклари Озарбайжон портлари (Боку, Алят) орқали Европага ва Туркияга чиқмоқда. Бу эса Россияга бўлган қарамликни камайтиради ва муқобил йўлларни шакллантириш учун имконият яратади.
Масалан, америкалик сиёсатшунос олим Збигнев Бжезински ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” асарида, Озарбайжонни Марказий Осиё давлатлари учун Ғарбга олиб чиқувчи “эшик” дея таърифлаб, шундай ёзган эди.
“Агар Озарбайжон тўлиқ Москва назоратига бўйсунса, Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги деярли маъносиз бўлиб қолиши мумкин”.

Агар Россия Озарбайжонда ўзининг геосиёсий позициясини қайта тиклаб, Европа Иттифоқи эътибор қаратаётган Транскаспий лойиҳаларини музлаца, Марказий Осиё мамлакатларини Москванинг сиёсий таъсир доирасида тушириб қўйиш эҳтимоли ошади.
Шу туфайли, Озарбайжоннинг мустақил сиёсий субъектга айланиши — Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон учун ҳаётий заруратга эга.
Изоҳ (0)